Туркияга боришни режалаштирган фуқароларга қўшимча талаблар қўйилди

Бош консулхонага мурожаат қилаётган фуқароларимиз орасида Туркияга сайёҳ бўлиб бориб маълум бир муддатдан сўнг Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлганларнинг "COVID-19" тестлари натижалари “ижобий” чиқаётганлар сони кескин ошиб бормоқда.

Шу муносабат билан Туркияга боришни режалаштирган фуқароларга қуйидагилар маълум қилинди:

"Туркиянинг тегишли вазирлик ва идоралари баённомаларига кўра, "COVID-19" касаллигидан суғурталанган чет эл фуқаролари тиббиёт муассасаларида бепул даволаниш имкониятига эга бўладилар. Ушбу вируснинг енгил шакли билан касалланган сайёҳлар 10-14 кун давомида меҳмонхоналарнинг махсус хоналарида сақланадилар ва харажатлар суғурта ҳисобига қопланади.

Суғуртага эга бўлмаган сайёҳлар меҳмонхонада турар жой учун тўловни ўз хисобларидан коплайдилар ёки ҳудудлардаги махсус бепул карантин маркази (асосан талабалар ётоқхоналари)га юборилади (мисол учун, Истанбул шаҳрида Малтепа туманида жойлашган “Мимар Синан” номидаги ётоқхона карантин маркази сифатида хизмат қилади).

"COVID-19"га чалинган сайёҳларнинг бепул карантин марказига жойлаштириш масаласи вилоят губернаторлиги томонидан белгиланади. Ўз ўрнида, Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, янги ўқув мавсуми бошланишига тайёргарлик муносабати билан яқин даврда ушбу марказлар ёпилиши кутиляпти.

"COVID-19"га чалинган шахслар 10-14 кундан сўнг ПЗР тестини қайта топширишлари ва тест натижаси “манфий” чиққан тақдирда учиб кетишлари мумкин бўлади. Вирусни юқтирган даврдан то тўлиқ тикланишгача бўлган жараён Туркиянинг «Hayat Eve Sığar» (HES-код) дастури орқали назорат қилинади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Бош консулхона яна бир бор Туркияга келишни режалаштирган фуқароларимизга тиббий суғурта расмийлаштиришларини тавсия қилади ҳамда суғурта агентларидан коронавирус юқтириш ҳолатларида аниқ ҳаракатлар тартибини ўрганишга чақиради".