Тушумлар ҳажми ортса, бюджет салмоғи кўпаяди
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг саксон олтинчи сессияси ўтказилди. Сессияни Кенгаш котибияти мудири З.Каримов бошқарди.
Дастлаб депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси таркибига номзодларни тасдиқлади ва бу ҳақдаги қарор Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилиши белгиланди.
Сўнгра, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш, жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилишига рухсат бериш, жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Депутатлар давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуровнинг ҳисоботини тингладилар.
Қайд этилишича, 2023 йилда вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ДУК буюртмачилигида 34 та умумтаълим мактаби, 480 ўринли 2 та ижод ва ихтисослаштирилган мактаб, 25 та мактабгача таълим ташкилоти, 5 та соғлиқни сақлаш, 5 та олий таълим муассасалари, битта жисмоний тарбия ва спорт, битта маданият, 3 та туризм объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган. Шу пайтгача 3 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилган.
Сессия кун тартибидаги кейинги масала - вилоятда 2023 йилнинг I чорагида давлат ва маҳаллий бюджет даромадлари прогноз кўрсаткичларининг ижроси тўғрисида вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев ҳисобот берди.
- Биринчи чоракда умумий даромадлар прогноз режаси ортиғи билан бажарилди, - деди Б.Мирзаев. - Жумладан, тушумлар бўйича фойда солиғи 105 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 101 фоиз, жисмоний шахслар ер ва мулк солиғи 160 фоиз бўлди. Корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимлардан ундирилган даромад солиғининг 71 фоизи, яъни 242,3 миллиард сўми бюджет ташкилотларида ишловчи ходимлар ҳиссасига тўғри келди. Ҳисобот даврида вилоятдаги 2091 корхона жорий йилнинг I чорагида амалга оширилган товар-айланмадан бюджетга бир сўм ҳам солиқ тўламаган. 2565 та корхона томонидан ишчи-ходимларга белгиланган меъёрларга нисбатан кам иш ҳақи ҳисобланганлиги оқибатида 2,5 миллиард сўм даромад солиғи ундирилмаган. 1768 та корхонада ходимлар сони ҳисоботларда кўрсатилмаган. 797 та корхонада атиги 1 нафардан, 331 та корхонада 2 нафардан ишчига иш ҳақи ҳисобланган ҳолда даромад солиғи тўланган, холос.
Шунингдек, сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси ва Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 2021-2022 йиллардаги фаолияти юзасидан жамоат фонди директори Д.Маликовнинг ҳисоботи кўриб чиқилди.
Вилоятда 2024 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиладиган лойиҳаларнинг тақдимоти ҳамда Кенгашнинг 2022 йил 4 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш Дастури доирасида амалга ошириладиган ишлар манзилли рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қарорлар тасдиқланди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.