Уч васият

Луқмони ҳаким ўлимидан олдин ўғлига уч васият қилибди: биринчиси – зинҳор хотинингга сирингни айтма, иккинчиси – бойликка янги етишган нокасдан қарз олма, учинчиси – миршаб билан дўст тутинма.

Отаси вафот этгач, ўғил бу уч васиятни синаб кўрмоқчи бўлди. Бозордан бир қўй олди-да, сўйиб қопга солди. Оғзини маҳкам боғлаб, уйга келтирди. Хотини сўради:

– Бу қопда нима бор?

– Бировни бехос ўлдириб қўйдим. Изни йўқотиш учун уни қопга солиб олиб келдим. Эрингдан айрилиб қолишни истамасанг, зинҳор битта-яримтага гуллаб қўйма, – деди.

Кейин янги бойиган кишидан қарз олди. Миршаб билан дўст тутинди.

Бир куни хотини билан гапи қочиб, уни тутиб урган эди, етти маҳаллани бошига кўтарди:

– Вой-дод, мусулмонлар! Эрим одам ўлдириб ўрганган, энди мени ҳам ўлдирмоқчи!

Бу гапни дарҳол ҳокимга етказдилар.

– Қочиб қолмасидан уни қўлга олинглар, – деб буюрди ҳоким.

– Уни ким тутиб келади? – дейишганида миршаб:

– Мен унинг уйини биламан, – деди. – Ўзим тутиб келаман.

– Эй дўстим, мени қўйиб юбор, қочиб кетай, – деб илтимос қилди у. Лекин миршаб кўнмади.

Воқеадан хабар топган янги бой ўпкасини қўлтиқлаб келди:

– Қарзингни тўлаб қўй, қамалиб ёки ўлиб кетсанг, мен пулимга куйиб қоламан.

Бировдан олиб, унинг пулини тўлади.

Миршаб уни ҳоким ҳузурига олиб борди. Ҳоким уни таниб:

– Луқмондай одамнинг ўғлига шу иш муносибми? – деди.

– Рухсат бер, ўша қопни олиб келишсин, – илтимос қилди у.

Қопни олиб келиб, ҳокимнинг қошида очдилар – сўйилган қўй чиқди.

– Нима гап ўзи? – деди ҳоким. – Тушунтириб берсанг-чи?

У бўлиб ўтган барча воқеаларни ҳикоя қилиб берди:

– Отам менга уч васият қилган эди. Синаб кўрай деб шу ишларни қилдим. Отамнинг ҳамма гаплари рост чиқди.