Учинчи ренессанс сари дадил бошлаётган Президентимга сафдош эканимдан фахрланаман

Аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқини вужудим билан эшитдим. Чунки мен муҳтарам Президентимиз бу нуфузли минбарда 2017 йилдагидек жасорат билан сўзлашига ишонардим.

Очиғи, воқеа, жараён мен кутганимдан ҳам зиёда бўлди. Нутқни эшитиб бўлгач, юрагим тўлқинланиб кетди, ўз-ўзидан нидо берди.

Менинг она тилимда табаррук минбарда салоҳият билан гапирган Президентимдан ғурурландим. Дунё аҳлига сабоқ бўлган нутққа эътибордан фахрландим. Чунки менинг билишимча, дунёдаги саноқли давлатлар раҳбарларигина БМТ минбарида бу қадар кенг қамровли, ҳаётий ғояли нутқ сўзлаган холос.

Айтингчи, қачон бизда бундай кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилган ёки шунга ҳаракат қилинган? Қани айтингчи, кейинги уч йил ичида бирорта ой ёки ҳафта бормикин, унда ишбилармон манфаати йўлида қонун, қарор ёки фармон чиқмаган бўлса?

Айтингчи, бир-икки йил ичида болалар боғчасига қатнайдиган кичкинтойлар салмоғини 19 фоиздан 50 фоизга олиб чиқиш осон ишми?

Яқин-яқингача мактаб битирувчиларининг бор-йўғи 9 фоизи олий мактабга кирарди. Ахир бугун бу кўрсаткич 25 фоизга етди! Айтингчи, ғурурланмай бўладими бу ютуқ билан?!

Давлатимиз раҳбари бизни Янги Ўзбекистон барпо этишга ишонтирди Ўзини аямаяпти, ҳаммага ибрат кўрсатяпти. Ҳар бир соҳа, ҳар бир одам доимо эътиборида. Мен Янги Ўзбекистон қурилишида иштирок этаётганим, салоҳиятли карвонни учинчи ренессанс сари дадил бошлаётган Президентимга сафдош эканимдан фахрландим.

Бир мен эмас, бутун дунё, манаман деган давлатлар Ўзбекистон Президенти нутқидаги ғояларни эътироф этаяпти, Ўзбекистон дунёга янгича қиёфа тақдим этаётганини тан олаяпти.

Ким нима деса, деяверсин, ҳар ким гапириш ҳуқуқига эга. Аммо менинг қалбимнинг нидоси шу!

Оғзига кучи етмаганлар атрофга бир қараб фикр қилсин. Кеча қандай аҳволда эдигу, бугун қандаймиз? Демократия йўқ, деб дод солаётганлар, айтсин қани, сиёсатни танқид қилганлар сал олдинроқ Жаслиқ турмасида қамалмасмиди? Бугун бу қамоқхона таг-томири билан йўқолди! Уларга ҳозир кўнглидаги гапини айтишга ҳам шу давлат ҳуқуқ бермадими?

Азиз юртдошларим, давлатимиз раҳбари дунё ҳамжамиятини ҳамжиҳатликка чорлаб гапирди. Шундай экан, биз бирдамликда барчага ибрат бўлайлик. Президентимиз атрофида бирлашиб ишлайлик, Ватанимизни севишни, ардоқлашни ўрганайлик. Ўшанда биз янада кучли, ақлли, қудратли миллатга айланамиз. Бунга шубҳа йўқ.

Эркинжон ТУРДИМОВ,

Самарқанд вилояти ҳокими.