Уиттиер – битта уйдан иборат шаҳарча

Аляскада шу номдаги митти шаҳарча жойлашган.

Бу ғаройиб шаҳарчанинг барча 220 нафар аҳолиси 14 қаватли битта уйда яшайди. Шаҳар ўз номини шоир Жон Гринлиф Уиттиер номидан олган. Иккинчи жаҳон уруши вақтида АҚШ ҳукумати музламайдиган сув яқинида ҳарбий-денгиз базасини қуришга қарор қилади. Бу ерга сув орқали келиш учун муз орасидан 3 километрлик тоннель очишга тўғри келади. Ҳозирда бу ерда нафақат автомобиль, балки темир йўл ҳам тортилган. Ҳарбийлар ва бошқа яшовчилар учун 14 қаватли уй қурилади. "Бегич Тауэрс" деб номланган бино лойиҳаси муаллифи Энтон Андерсен эди. Унда аҳоли хонадонларидан ташқари савдо дўконлари, сартарошхона, спорт зал, полиция бўлими ва черков жойлашган.

1964 йилда сокин шаҳар ҳаёти АҚШда бўлиб ўтган кучли зилзила туфайли бузилди. Ер ости тўлқинлари кўпгина техникаларни яроқсиз қилиб қўйди. Ҳатто шаҳарчага ҳам зарар етказди. Зилзила оқибатида 13 киши қурбон бўлди. Ҳарбий-денгиз базаси ёпилганига қарамасдан, кўпчилик фуқаролар шу ерда яшашга қарор қилишди. Қайта тикланган "Бегич Тауэрс" эса улкан коммунал хонадонга айланди. Бу ерда яшаш осон эмас. Чунки Уиттиерда йил бўйи об-ҳаво жуда совуқ бўлади. Қишда бир неча метр қор билан қопланади. Камига тезлиги соатига 100 километргача эсадиган кучли шамол бўлиб туради. Бу ерда яшовчилар ноябрдан то февраль ойигача қуёш юзини кўрмайди. Аҳоли қуёшни кўриш учун бу ердан 120 километр олисдаги Анкориджага боришларига тўғри келади. Бироқ у ерга бориш учун тоннелдан ўтиш керак. Тоннель кечаси ёпилади. Кундузи эса йўл бир томонлама бўлганлиги учун светофор орқали назорат қилинади.

Шаҳарчада айрим уддабуронлар кўкат ва сабзавот етиштириш учун иссиқхона ташкил этган. Ташқи дунё билан фақат интернет орқали алоқа қилишади. Машъум зилзиладан сўнг АҚШ ҳукумати бинони тиклаб беришни ваъда қилган эди. Аммо ваъда ваъдалигича қолди. Шу сабабли аҳолининг бир қисми Уиттиерни ташлаб кетди.

Шаҳарча аҳолиси асосан сайёҳлар билан тўла кемалар келиб турадиган портда меҳнат қилишади.

Дарвоқе, музликлар ўртасида жойлашган ғаройиб шаҳарча бутун дунёдан келадиган сайёҳларни ўзига жалб қилади. Уларга шафқатсиз об-ҳаво шароитида яшовчи аҳолининг турмуш тарзи қизиқтиради. Шаҳарча тартиб-қоидаларига кўра тақиқланганига қарамасдан, айримлар сайёҳларга ўз уйларини ижарага беришади. Уларга шаҳарчани айланиб томоша қилишлари учун шароит яратишади.

Ҳозирда Уиттиерга келиб яшашни истовчилар кам, борлари ҳам аста-секин кўчиб кетишмоқда.

Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.