Украина элчихоналари портловчи ва таҳдидли посилкалар келиши давом этмоқда: Қозоғистон полициясига ҳам бу бўйича хат келган
Европанинг олти давлатидаги Украина элчихоналари ва консулликларига почта орқали ҳайвонлар қолдиқлари солинган пакетлар жўнатишган, дея хабар беради Украина ТИВ.
Шундай қилиб, Чехиянинг Брно шаҳридаги консуллик ва қўшни болалар боғчаси шундай бир посилка олганидан кейин эвакуация қилинди.
Украина ташқи ишлар вазирлиги вакили Олег Николенконинг айтишича, посилкага ҳайвонларнинг кўзлари солинган. Киевда буларнинг барчаси террор ва қўрқитишнинг яхши режалаштирилган ва уюштирилган кампанияси доирасида амалга оширилаётганига ишонишади.
Шунингдек, ҳайвонларнинг кўзлари туширилган посилкалар Украинанинг Польша, Венгрия, Хорватия, Италия ва Нидерландиядаги дипломатик ваколатхоналарига юборилган.
Чоршанба куни Украинанинг Мадриддаги элчихонасига юборилган пакет портлаб, бир ходим жароҳатланган эди. Украинанинг Ватикандаги элчиси Андрей Юраш пайшанба куни тушдан кейин унинг Римдаги қароргоҳига кириш эшиги бузиб ташланганини айтган.
Шунингек, Қозоғистон полицияси Остонадаги Украина элчихонаси биносига ўрнатилгани портловчи қурилма ҳақидаги хат муаллифларини қидирмоқда, деб хабар берди Қозоғистон ИИВ матбуот хизмати.
“1 декабрь куни Украина элчихонаси консули полиция билан боғланиб, электрон почтасига хат келганини маълум қилган. Ҳодиса жойига махсус хизматлар етиб келди. Текширув давомида портловчи мосламалар топилмади. Эвакуация қилинмади, таҳдид бартараф этилди. Полиция воқеага алоқадор шахсларни қидирмоқда", - дейилади матбуот хизматининг якшанбага ўтар кечаси тарқатилган хабарда.