Украина қуролли кучлари Россия ҳудудига чуқур кириб борди. Доналд Трампни судга беришди. Британияда фалокат бўлиши башорат қилинди. Ўта юқори ҳосил берувчи гибрид гуруч яратилди
🔹 Янги Сурия Туркия ҳимоясида: Сурия президенти Аҳмад аш-Шара ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мудофаа бўйича муштарак келишув музокаралари олиб бормоқда. Унда Суриянинг марказий қисмида турк ҳарбий-ҳаво базаларини жойлаштириш ва Суриянинг янги армиясини тайёрлаш режалари ҳам бор.
🔹 Украина қуролли кучлари Курск вилоятидаги мудофаани ёриб ўтиб, Россия ҳудудига 5 километргача илгарилади. Украина қўшинлари бир қатор ҳужумларни амалга ошириб, Суджанинг жануби-шарқига қараб олдинга ўтган.
🔹 Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу урушни тўхтатишга тайёрлигини айтди. Нетаньяҳу Вашингтонга ташрифи чоғида Ғазодаги урушни тугатиш режасини тақдим этди. Бунинг эвазига ҲАМАС ҳукуматдан воз кечиши ва ҳудудни тарк этиши зарур. Аммо ҲАМАС етакчиларининг бунга рози бўлиш эҳтимоли “жуда паст”.
🔹 Америка касаба уюшмалари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) тугатилиши юзасидан Трамп ва маъмурияти устидан судга даъво аризаси берди. Трамп президентлигининг биринчи кунидаёқ USAIDнинг ташқи ёрдамини 90 кунга музлатиб қўйди. Февраль бошида Трамп USAIDни далилсиз “Афғонистонда кўкнори етиштириш ва героин ишлаб чиқаришни” молиялашда айблади. Энди АҚШ ҳукумати агентликни Давлат департаменти билан бирлаштирмоқчи.
🔹 Болтиқбўйи давлатлари: Литва, Латвия ва Эстония 8 февраль куни электр тармоқларини Россия электр тизимидан узиб, Европага қўшилади. Бу жараён нархларга таъсир қилиши кутилмоқда.
🔹 Теҳрон Вашингтоннинг ҳар қандай душманона ҳаракатларига худди шундай жавоб қайтаради, деди Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий. Хоманаий, шунингдек, Эрон АҚШ билан ҳеч қандай музокара олиб бормаслигини таъкидлади. Чунки Вашингтон Теҳронн ядровий келишув шартларини бажармаган.
🔹 Куба президенти фаластинликларнинг Ғазодан чиқариб юбориш бўйича АҚШ режасини халқаро ҳамжамиятни ҳақорат қилиш деб атади.
🔹 Британиялик сиёсатчи Девид Фрост Буюк Британия банкротлик ёқасида эканини айтди. Фростнинг таъкидлашича, бюджетни тўлдиришнинг барча мумкин бўлган усуллари вазиятни янада оғирлаштиради. Январда Буюк Британиядаги шамол турбиналари электр энергиясини ишлаб чиқаришни деярли тўхтатди. Натижада, Буюк Британия қимматроқ газга ўтишга мажбур бўлди.
🔹 Хитой ва швед олимлари чиқиндиларни камайтириш учун гибрид гуруч яратадилар. Ҳунан қишлоқ хўжалиги университети ва Швеция қишлоқ хўжалиги фанлари университети олимлари оддий гуручга қараганда 70 фоизга камроқ метан чиқарадиган юқори маҳсулдор гуруч навини яратишди. Гибрид гуручни яратиш учун олимлар юқори маҳсулдор навни аввал синовдан ўтган паст метанли нав билан чатиштиришди. Синовдан ўтказилганда, гибрид гектарига ўртача 8,13 тонна ҳосил кўрсатди. Дунё бўйича ўртача 4,27 тонна.