Умумхалқ хайрия ҳашарида 5 мингга яқин оиланинг уй-жойи таъмирлаб берилади

11 март куни зтказиладиган ҳашар давомида таъмир ишларига 1 млрд. 300 млн. сўм маблағ сарфланади. Шунингдек, 7 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам кўрсатилади. Бунинг учун жами 2 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилади.

Бундан ташқари, 12 минг гектарга яқин майдонни ободонлаштириш режалаштирилмоқда. 11 минг тоннага яқин маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланиб, 1300 километрдан зиёд ариқ ва лотоклар тозаланади. 8500дан зиёд қабристон ва 400 та зиёратгоҳ ободонлаштирилади.

Ҳашар доирасида бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш, шунингдек автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудларларда ихтиёрий ташаббус билан тадбирлар ўтказиш тақиқланади.

Иш берувчилар томонидан ходимларни ҳашарга мажбурий жалб этишга йўл қўйилмайди.