Ун нега қиммат бўлди? Қишлоқ хўжалик вазирлиги қатор маҳсулотлар нархи ошгани бўйича асосий сабабларни маълум қилди

Жорий йил январь-март ойларида мамлакат озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг таркиби 2021 йил импортининг таркибига нисбатан сезиларли даражада ўзгарган. Хусусан, маргарин ва ўсимлик ёғи, гўшт, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улуши ортган.

Шуниндек, импорт географияси, маҳсулот турларининг улуши ва ҳажми ҳам нисбатан ўзгарган бўлиб, асосий маҳсулот импорт қилиб олинган давлатлар ичида биринчи ўринга Қозоғистон 309,7 миллион доллар, иккинчи ўринга Россия Федерацияси 205,2 миллион доллар ва учинчи ўринга 97,5 миллион доллар ҳажм билан Бразилия давлати чиққан.

Таҳлилларга таянадиган бўлсак, мамлакат импортининг ортишига қуйидаги омиллар таъсир кўрсатган: биринчи омил – бу Россия Федерацияси ва Беларусь давлатларига нисбатан Aмерика Қўшма Штатлари, Евроиттифоқ ва бошқа ривожланган давлатлар томонидан қўлланилган мисли кўрилмаган иқтисодий санкциялар жаҳон озиқ-овқат бозорида нархларнинг ва логистика тарифларини юқори суръатларда ўсганлигидир.

2022 йил март ойида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотига кўра, озиқ-овқат нархлари ошиш индекси 159,3 пунктни ташкил этиб, февраль ойига нисбатан 12,6 фоизга ва 2021 йил март ойи индексига нисбатан 33,6 фоизга юқори бўлган.

Ўзбекистонда 2022 йил 1-чорагида 201,6 миллион долларлик буғдой импорт қилинган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 43,9 фоизга ошган. Шу билан бирга, ўтган йилга нисбатан 88 минг тоннага кўп буғдой импорт қилинган. Ўртача сотиб олинган буғдой нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 128,7 фоизга қиммат бўлган.

Иккинчи омил – бу Ўзбекистон Республикаси томонидан бир қатор қўшни давлатларга буғдой, ун ва ўсимлик ёғи маҳсулотларини экспорт ва реэкспорт қилиш ҳажмининг ўсиши ҳисобланади.

Худди шундай, ун импорти 28,8 миллион долларни ташкил этган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 60 фоизга ошган. Сотиб олинган уннинг ўртача нархи 141,2 фоизга етганлиги импорт қиймати ошишига таъсир кўрсатди.

Ун экспортининг таъсири ҳам буғдой ва буғдой унининг импортига сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Шу даврда 85,8 миллион долларлик 270,9 минг тонна, ўтган йилга нисбатан 42,2 минг тонна ёки 118,5 фоизга кўп буғдой уни экспорт қилинган.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистонга импорт қилинган унга нисбатан мамлакатимиздан экспорт қилинган ун ҳажми 2,9 баробар кўп. Қолган импорт қилинган маҳсулотлар бўйича ҳам ички истеъмолни ошганлиги ва улардан тайёрланган тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтириш ҳажмларини кўпайиш тенденцияси мавжудлиги асосида ҳам таҳлил қилиш мумкин.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг умумий ҳажми ўсишига ўртача импорт нархларининг қимматлашуви қарийб 55-60 фоиз даражасида таъсир кўрсатган бўлса, импорт қилинган маҳсулотлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар экспорти ҳажмининг ўсиши 40-45 фоиз таъсир кўрсатганини кўришимиз мумкин, дейилади вазирлик хабарида.