У.Назаров: муаммолар ечими маблағга тақалади. Уни топиш эса ўзимизга боғлиқ
Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясида бўлиб ўтган навбатдаги "Очиқ мулоқот" кўрсатуви давомида Жомбой тумани ҳокими, секторлар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари аҳолидан тушган 65 мурожаатнинг 40 тасига жавоб берди.
Дастлаб туман ҳокими У.Назаров 2018 йил 26 август куни ўтказилган «Очиқ мулоқот» кўрсатувида аҳолидан тушган мурожаатлар ижросига тўхталди.
– Мулоқот давомида фуқароларимиздан 50 та савол тушганди, - деди ҳоким. – Аҳоли муаммоларини ҳар бир хонадонга кириб ўргандик, аксарият муаммоларга жойида ечим топдик.
Шундан сўнг вилоят телерадиокомпанияси телефон рақамлари, ижтимоий тармоқлар ҳамда "Зарафшон" газетаси орқали берилган савол ва мурожаатларга жавоб беришга ўтилди. Мурожаатларнинг асосий қисми тўртта масалага - аҳолига баллонли газ етказиб бериш, йўлларни таъмирлаш, мактабгача таълим муассасалари қуриш, реконструкция қилиш, болаларни боғчаларга жалб қилиш ҳамда кадастр хизматлари билан боғлиқ бўлди. Жумладан, Бешбола маҳалласи аҳли, Наймантепа маҳалласидан Ўлмас Эшмуродов газ баллонлари етказиб бериш борасидаги узилишлар, Тўққизбой маҳалласидан Жамол Аноров, Ногаҳон маҳалласидан Улуғбек Тўрақулов йўлларни таъмирлаш муаммоси ҳақида сўради.
- Бу икки масалада ҳам ўзгаришлар бор, аммо муаммолар ҳақида гапирмоқчиман, - дейди У.Назаров. – Жумладан, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш туманимиздаги жиддий муаммолардан бири бўлиб турибди. Негаки, бугунги кунда 6100 та газ баллонга эҳтиёжимиз бор. Аммо туманимизда унинг ярми ҳам йўқ. Бу борада Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Уларнинг ҳам имконияти бизнинг талабни қондиролмаяпти. Шунинг учун ички имкониятларимиздан келиб чиқиб, чора-тадбир белгиладик.
Йўл қуриш ва таъмирлаш учун эса туманимизда моддий-техник база эскирган, янги, замонавий техникалар етишмайди, бу юмушларни бажариш учун ажратилаётган маблағ кам. Шундай бўлса-да, мурожаат қилган фуқаролар йўллари йил охирига қадар таъмирланади. Умуман, 2019 йил давомида 5 километр йўлга асфальт ётқизилади, 4,3 километрлик ички хўжалик йўллари таъмирланади, 7,2 километр узунликдаги пиёдалар йўлаги қурилади.
Студияда берилган шу каби саволларга қисқа, лўнда, аниқ жавоб берилди. Бироқ аввал ўтказилган айрим мулоқотлардаги каби туман корхона-ташкилотлари раҳбарлари "Назоратга оламиз", "Бажарамиз"дан нарига ўтмагани мурожаат қилган фуқароларнинг таъбини хира қилгани аниқ. Шунингдек, айрим саволлар берилганда корхона ва ташкилотлар раҳбарлари «Бу фуқаро бизга бундан олдин ҳам мурожаат қилганди», деган гапларни таъкидлади. Хўш, фуқаро шу муаммо билан мурожаат қилган экан, нега бу масала вақтида ҳал қилинмади? «Очиқ мулоқот»да «Ҳал қиламиз», дейишларида қандай мантиқ бор?
Лекин эътироф этиш керак, сектор раҳбарлари айрим саволларга қўшимча муаммоларни-да айтиб жавоб берди. Масалан, Сарчашма маҳалласида яшовчи Ш.Қурбоновнинг 44-мактаб қаршисидаги йўлга светофор ўрнатилиши ҳақидаги мурожаатига 3-сектор раҳбари бундай муаммо нафақат 44-мактаб, балки 5-, 56- каби бешта мактабда ҳам мавжудлигини билдирди. Ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида таълим даргоҳлари олдига светофор қўйиш бўйича 205 миллион сўм ажратилгани, 44-мактаб қаршисидаги йўлга шу ойнинг охиригача, қолган мактабларга ҳам босқичма-босқич светофор ўрнатилишини билдирди.
Мулоқот сўнгида Умиджон Назаров газетамиз учун ўз хулосаларини билдириб ўтди:
– Очиқ мулоқот давомида қатор муаммолар айтилади. Айримлар бу каби муаммолар ечимини тасдиқланадиган дастурларга боғлаб, вазиятдан чиқиб кетишни кўзлайди. Аммо бу жавоб эмас. Тўғри, буларнинг ечимининг асоси маблағда. Уни топиш эса ўзимизга боғлиқ. Демоқчиманки, бугунги кунда давлат бюджетига тушадиган кўпгина солиқ турлари тушуми туманларнинг ўзларида қолдириляпти. Масалан, ер ва мулк солиғи. Биз ана шу икки солиқни йилнинг биринчи ярмигача туширилишини таъминлаш борасида зарур ишларни олиб боряпмиз. Тушумлар биринчи чорак якуни билан 55 фоизга бажарилди. Буни муддатида уддаласак, нафақат бугун кўтарилган муаммолар ечими, балки ижтимоий соҳа объектлари қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва кам таъминланган оилаларга кўмак бериш ишларини амалга оширамиз. Масалан, айрим солиқ турларидан тушумлар вақтида бажарилгани ҳисобидан 2022 йил давлат дастурига киритилган 46-мактабга иситиш тизими ўрнатишни шу йил ўз ҳисобимиздан қиламиз.
Акрам ҲАЙДАРОВ.