Унинг манглайига «юксак фазилатли инсон» деб битилган

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз адабий меросида тарбия масаласига алоҳида урғу берган. Инсон камолоти, унинг тарбияси, хусусан, фарзанд тарбияси ҳар доим ижодкорнинг диққат-марказида бўлган.

Бобур фарзандларини, айниқса, ўғилларини давлат бошқаруви, ҳарб ва закот соҳасидаги ишларга тайёрлаш мақсадида уларга оғзаки насиҳатлар бериб, «Мубаййин» номли рисола ёзган. Жумладан, «Бобурнома»да фарзандларига мактублар йўллаб, насиҳатлар қилган. Ана шу мактублардан иккитаси 1992 йил Бобур меросини ўрганиш, рағбатлантириш ва мувофиқлаштириш мақсадида Андижон шаҳрида тузилган Бобур номидаги халқаро жамғарма фаолияти натижасида аниқланган. Мактублар Бобурнинг катта ўғли Насириддин Муҳаммад Ҳумоюнга ва иккинчи ўғли Комрон Мирзоларга йўлланган. Аммо мазкур мактублар «Бобурнома»га кирмаган.

Бобурнинг Ҳумоюнга ёзган мухтасар мактуби «махфий васиятнома» характерида бўлиб, тарбиявий-дидактик мазмунга эга. У 1529 йил 11 январда (ҳижрий 935 йил жумодиулаввал ойининг биринчи куни) Агра шаҳри ёнидаги «Нилуфар» боғида дам олаётган пайтида ёзилиб, Ҳумоюнга юборилган. Бобур ўғлига васиятида ўз ҳаёт тажрибасидан келиб чиқиб, ҳар бир масалада улуғ бобоси Амир Темурнинг ҳукмдорлик услубидан, ҳарб соҳасидаги иқтидоридан андаза олишни, адолатли бўлишни таъкидлаб, «Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темурнинг иш юритишлари доимо ёдингда бўлсин. Шунда давлатинг маъмур ва пухта бўлади», дейди.

Муаллиф ҳар бир мактубида унинг ёзилган вақти ва қайси жой билан боғлиқлигига эътибор қаратади. Масалан, Ҳумоюннинг Ҳиндистон билан боғлиқ фаолиятини назарда тутиб, ўғлига насиҳат қилар экан, ижтимоий-сиёсий қарашлар, давлат бошқаруви усуллари, диний мазҳаб ва эътиқодларга, урф-одатларга бўлган муносабатларда одиллик билан ҳукм чиқариш ҳақида қуйидагиларни баён этади: «...Ҳар бир мазҳабга пок қалб билан қарагин, ҳар бир мазҳаб ва тариқатга адолатли бўл. Хусусан, сигирни қурбон қилишда сақлангинки, бу Ҳиндистоннинг қалб ардоғи ва бу вилоят аҳли подшога яхши назар билан боғланади. Подшоҳ фармонига бўйсунган халқни хароб қилмагин. Адолатни ихтиёр қилгин. Шунда шоҳ раиятдин, раият шоҳдин хотиржам бўлади. Турли эътиқоддаги халқларни тенг тутгинки, шунда салтанат турли ташвишлардан холи бўлади».

Бобур подшоҳ ва раият ўртасидаги нозик жиҳат – уларнинг эътиқоди билан боғлиқ масалага ҳам алоҳида урғу беради. Бунга сабаб, Бобур турли дин ва эътиқоддаги халқни демократик бошқарув орқали бирлаштириш, уларнинг иноқлигини таъминлаш мумкинлигини чуқур англайди. У инсон ҳаётига тажовуз қилувчи турли хурофотларга (масалан, хотин кишини марҳум турмуш ўртоғи жасадига қўшиб ёқиш) тиш-тирноғи билан қарши бўлса-да, лекин диний эътиқод нуқтаи назаридан қадрланадиган тушунчалар (масалан, ҳиндларнинг сигирни муқаддас деб билишлари)ни инкор этмайди. Бу билан миллатлараро тотувликни таъминлайди, адолатни «подшоҳ ва раият» ўртасида кўприк, деб билади.

Бобур мактубларида фарзандларига меҳр-муҳаббатли отанинг сиймоси гавдаланади. Буни айниқса, иккинчи ўғли Комрон Мирзога йўллаган «Насиҳатномайи Бобур ба фарзанди худ» («Бобурнинг ўз фарзандига насиҳатномаси») деб номланувчи мактубидаги «Доно, қадрли ва саодатли фарзанд Муҳаммад Комрон баҳодирга» каби эътирофлардан сезиш мумкин. Мактубда жимжимадор, мақтов мазмунидаги лутфлар йўқ эмас. Улар баландпарвоз руҳиятни эмас, балки Бобурнинг фарзандларига муҳаббатини намоён этади. Бундай лутф ва жумлалар орқали огоҳликка даъват, таҳсил, панд-насиҳат, ота-онага ҳурмат, ҳақиқатга тик боқа билиш, дўст танлашда адашмаслик, элга дилхоҳлик, амир-бекларни тўғри танлай билиш, халққа ишонч, уламо ва фузалоларнинг ҳурматини жойига қўйиш кабилар хусусида насиҳат қилинади: «Турк улусидин ота-онаси қўл очган, онаси тўй бошлаган тартиб-интизомли кишилар борким, уларнинг оталари ота-онамизга хизмат қилиб, жон нисор айлаб, иссиқ-совуқ, сафар ва ўтроқда бирга бўлиб, бир лаҳза ҳам бизни ташлаб кетишмаган. Уларнинг хизмати шойиста, панд-насиҳатлари жўялик. Улар орасидан сўраб-суруштириб, даргоҳингга йўл бериб, ўзингга яқин олиб юр, ғофил бўлмағайсен».

Муносиб фарзанд ота-онаси оламдан ўтгач, уларга дўст ва қадрдон бўлган, ёрдам берган кишилар билан яқин бўлиши, улардан хабар олиши, уларга ёрдам қўлини чўзиши, улар ҳолидан хабардор бўлиши лозим. Бу ҳақда ҳадислар ҳам мавжуд. Бобурнинг юқоридаги эътирофида ҳам ана шу мазмунни англаш мумкин.

Дарҳақиқат, Бобур таъкидлаганидек, бундай инсонларни ўзига яқин тутган киши тўғри дўст танлай билади. Чунки унинг ёнида «ота-онамизга хизмат қилиб, жон нисор айлаган» кимсалар борки, доимо тўғри йўлга бошлайдилар.

Бобур Комрон Мирзога йўллаган мактубида Хожа Ҳофиз, Шайх Саъдий, Мавлоно Жомийнинг форсий байтларидан, халқ мақолларидан унумли фойдаланган.

Масалан, Бобур Комрон Мирзо атрофида муносиб инсонлар жой олмоғи кераклигини назарда тутиб, шундай ёзади: «Элга яхши сўз айтиб, дилхоҳ бўлиб, истеъдоди мукаммал инсонлар билан ҳамдам бўлгайсен. Тағин: ножинс, зоти паст кимсаларга ҳар қанча ёқимтой ва қобилиятли бўлсалар ҳам тарбият қилиб, мамлакатни идора қилишга имдод бермагайсенким... Ҳазрати Мавлоно Жомийдин бу қитъа шоён бўлубтур.

Ҳарки нокас бувад дар аслу сиришт,
Мунқалиб натавон кардан, эй жигар.
Сагмагасро агар куни мақлуб,
Қалбе у ғайре сагмагас нашавад.
Мазмуни: Ҳар ким асли нокас бўлиб яралса, жигарим, уни тузатиб бўлмайди. Итчивин (сагмагас)ни ҳарчанд ўзгартирганда ҳам, унинг қалби итчивин (сагмагас) бўлиб қолаверади».

Фикримизча, Бобур Комрон Мирзога хат ёзар экан, унинг адабиётга қизиқиши ва нодир қобилиятини назарда тутиб, улуғ ижодкорларга мурожаат қилади ва насиҳатларининг таъсир кучини оширади. Бобурнинг бошқа асарларидаги каби ўз фарзандларига йўллаган мухтасар мактубларида ҳам муаллиф маънавий дунёсининг теранлиги, шунингдек, меҳрибон ва ғамхўр ота қалби, кучли давлат арбоби, бобоси Темурга муносиб авлод қиёфаси намоён бўлган. Бир сўз билан айтганда, инглиз тарихчиси Эдуард Холден эътироф этганидек, «У (Бобур)нинг манглайига юксак фазилатли инсон деб битиб қўйилган» ва бу унинг адабий-илмий меросида, мактубларида ҳам ўз тасдиғини топган.

Гулсанам Холиқулова,
филология фанлари номзоди, докторант.