«Ural Airlines» Ўзбекистонга парвозларни тикламоқда

Россиянинг «Ural Airlines» авиакомпанияси Россия ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам қатновларни тикламоқда.  Биринчи йўловчи рейси 2024 йил 13 январга мўлжалланган.

Авиакомпания "Airbus А320" ва "Airbus А321" каби самолётларда бешта йўналишда парвозларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
"Екатеринбург — Самарқанд — Екатеринбург" йўналиши бўйича парвозлар ҳафтасига икки марта - сешанба ва жума кунлари, "Москва — Наманган — Москва" йўналиши бўйича парвозлар ҳафтасига икки марта - душанба ва шанба кунлари амалга оширилади.

"Москва — Тошкент — Москва" йўналиши бўйича парвозлар ҳар куни, "Москва — Қарши — Москва" йўналиши бўйича парвозлар ҳафтада уч марта - сешанба, пайшанба ва шанба кунлари, "Самара — Урганч — Самара" йўналиши бўйича парвозлар ҳафтада бир марта - пайшанба куни амалга оширилади.

Маълумот учун: «Ural Airlines» авиакомпанияси бош қароргоҳи Екатеринбургда (Россия) жойлашган. Авиакомпания Россиядаги энг йирик бешта авиаташувчилардан бири ҳисобланади.