Ургут туманида табиатга 1 миллиард сўмдан кўпроқ зарар етказилган, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган

Тегишли идоралар томонидан "Омонқўтон" миллий табиат боғининг Йўлсой бўлими ҳудудида бир қатор фуқаролар томонидан ноқонуний йўл очилиб, ўсимлик дунёсига зарар етказилганлиги аниқланган.

Хусусан, ҳудудда ноқонуний йўл очилиб, 869 метр квадрат майдондаги тупроқлар сурилиб, 1427 метр квадрат майдон тупроқ билан кўмилган. Оқибатида 2693,9 метр куб муҳофаза этиладиган ҳудудда ўсувчи Ўзбекистон қизил китобига киритилган 7 турдаги 1 112 туп, ноёб ва йўқолиб бораётган 5 турдаги 1 479 туп ўсимлик нобуд қилинган.

Шунингдек, 8 турдаги 64 туп дарахт ва буталар кесилгани ортидан табиатга 1 миллиард 115 миллион 907 минг сўмлик зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 204-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилган.

Эслатиб ўтамиз, қўйилаётган айб исботланса, айбдор (лар) базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Хабарларга кўра, жиноят иши тергови устидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган.