Ургутда электр таъминотидаги муаммолар камайдими?

- Уйимиздаги АСКУЭ ҳисоблагичи электр кўпайиб кетиши натижасида ишдан чиқиб қолди, ёрдам сўраб электр таъминоти идорасига мурожаат қилиб келдим, - дейди Ургут туманидаги Чумчуқли маҳалласида яшовчи Бибигул Баротова. – Беш нафар фарзандим бор, маҳаллада "Аёллар дафтари"да тураман. Менга бепул ҳисоблагич қўйишни иложи борми?
- Афсуски, имкони йўқ, - дея жавоб берди Ургут электр таъминоти корхонаси мурожаатлар билан ишлаш бўлими вакили. – Тартиб–қоида бўйича дастлаб АСКУЭ ҳисоблагичлар бепул ўрнатилади. Агар турли сабаблар билан ишдан чиқиб қолса, уй эгалари томонидан янгиси харид қилиниб, ўрнатилади.
Жорий йилнинг ўтган даврида электр энергияси бўйича 23 та мурожаат қилинган бўлса, уларнинг 18 таси ижобий ҳал этилган. 7 тасига эса ҳуқуқий маслаҳат берилган.
Сўнгги йилларда электр энергияси таъминотидаги етишмовчиликлар ургутликларнинг энг оғриқли нуқталаридан бири эди. Эндиликда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиалининг иккита - Ургут туман ва Деҳқонобод электр таъминоти бўлимлари ташкил этилган бўлиб, 100 мингдан зиёд истеъмолчига электр токи етказиб беряпти.
- Туманнинг 80 та маҳалласида аҳоли хонадонлари анча тарқоқ жойлашган бўлиб, 8 та нимстанцияга уланган трансформаторлар орқали электр энергияси билан таъминлаб келмоқдамиз, - дейди Ургут электр таъминоти корхонаси раҳбари Ойбек Холиқов журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда. - Ҳудудимиздаги 65242 нафар аҳоли, 2730 нафар юридик истеъмолчиларга АСКУЭ электр ҳисоблагич ўрнатилган бўлиб, онлайн тизимида ишламоқда.
“Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастури бўйича Мўминобод-1 маҳалласида 2 та 100/10 кВА трансформатор пункти, 156 та темир бетон устунлари ўрнатилди ва 4 километр электр узатиш тармоғи тортилиб, ишга туширилди. Мўминобод-2 маҳалласида эса 1 та 160/10 кВА трансформатор пункти, 80 та темир бетон устунлари ўрнатилиб, 5 километр электр узатиш тармоғи тортилди. Шунингдек, Чумчуқли маҳалласида 80 дона темир-бетон устунлари ўрнатилди.
Тумандаги оғир тоифага тушган Бешкапа-1, Бешкапа-2, Чорчинор, Мирзабоғлон, Мингтепа, Ваткан ҳамда Қўзибек маҳаллаларида қўшимча янги трансформатор пункти ва зарур бетон таянч-устунлари ўрнатиш, тармоқларни янгилаш ишлари бошланди.
- Жорий йилда ҳудуддаги 16 та маҳаллада электр энергияси таъминотини янада яхшилаш мақсадида 7 та трансформатор пункти ва 400 дан ортиқ темир-бетон устунлари ўрнатиш, 30 километр электр узатиш тармоғи тортиш кўзда тутилган, - дейди Деҳқонобод электр таъминоти корхонаси бошлиғи Саидали Мавлонов. - Айни пайтда Санчиқул ҳамда Украч маҳаллаларида 3 та трансформатор, 70 га яқин бетон устунлари ўрнатиляпти. Ишчиларимиз томонидан 2,7 километр паст кучланишли, 500 метр юқори кучланишдаги тармоқ тортиш амалга оширилмоқда. Шунингдек, ташаббускор фуқаролар кўмагида 23 та трансформатор ҳамда 1150 та темир-бетон устунлар ўрнатилди. 28 километр 0,4-6-10 кВ ҳаво электр узатиш тармоғи тортилди. Омонқўтон ҳамда Қорабулоқ маҳаллаларида электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 2 та 250/10 кВА трансформатор пункти, 100 та темир-бетон устунлари ўрнатилди. 8 километр электр узатиш тармоғи тортилиб, ишга туширилди.
Куз-қиш мавсуми олдидан режадаги 58 та ўрнига 9 та трансформатор пункти ва 132 километр ўрнига 8,4 километр электр узатиш тармоқларида мукаммал ва жорий таъмирланди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида Ипак йўли маҳалласида 1 та трансформатор, 400 метрга яқин электр узатиш тармоқлари тортиш ишлари амалга оширилмоқда.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.