Ургутда тадбиркор ёшларга 6 ойда 11 миллиард 499 миллион сўм кредит маблағи ажратилди. Бу маблағ нималарга сарфланди?

Ургутда тадбиркорлик бўйича бой тажриба тўпланган. Шунинг учун ҳам туман ёшлари орасида ишбилармон йигит-қизлар кўп. Улар шу йўл билан ҳам ўзларининг, ҳам тенгдошларининг бандлигини таъминлашга ҳаракат қилишади.   

- Туманда 2002 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган, - дейди Ургут тумани ҳокимининг ўринбосари Ж.Ҳайдаров. – Уларнинг 488 нафари доимий ва жамоат ишларига жойлаштирилди. 449 нафарига тадбиркорлик қилишлари учун 11 миллиард 499 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида 387 нафар йигит-қиз тадбиркор ва ҳунармандларга бириктирилди ва 311 нафари тадбиркорликка ўқитилиб, сертификатлар топширилди. 29 нафарига 65,2 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилди. Албатта, ёшларга яратилаётган бундай имконият уларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда. 

Тадбиркорлик, томорқачилик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга банк томонидан зарур ёрдам кўрсатиляпти.

- Банкимиз томонидан шу йилнинг ўтган даври мобайнида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 323 нафар йигит-қизга 8,4 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди, - дейди “Микрокредитбанк” Ургут филиали бўлим бошлиғи Абдуҳалим Нуриддинов. – Натижада 400 га яқин ёшлар ўзи истаган йўналишда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Ёшларга деҳқончилик, паррандачилик, чорвачилик, ҳунармандмандчилик фаолияти билан шуғулланишлари учун ҳам нақд пул шаклида кредитлар ажратилди.  

Тумандаги Гулобод маҳалласида яшовчи Илҳом Шодиев “Марҳабохоним чеварлари” номли оилавий корхонаси ташкил этиб, маҳалласидаги 20 нафар хотин-қизни иш билан таъминлади.

- Жорий йил март ойида банкдан 220 миллион сўм кредит олиб фаолиятимни бошладим, - дейди ёш тадбиркор. - Ҳозир корхонамизда хотин-қизлар кийимлари тайёрлаб, бозорга чиқаряпмиз. Келгусида эркаклар кийимлари ҳам тикишни йўлга қўйиб, маҳсулотларимизни хорижга экспорт қилишни режалаштиряпмиз. 

Андак маҳалласида истиқомат қилувчи Раҳимжон Боймуродов “Микрокредитбанк” Ургут филиалидан 29 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, туман марказида сартарошхона очди. 

- Қўлимда ҳунарим бор, аммо сартарошхона очишга маблағим йўқ эди, - дейди Р.Боймуродов. – Маҳалламизда ўтказилган тарғибот тадбирларидан бирида банк ходимлари томонидан берилган кўрсатмаларга асосан таваккал қилиб ишга киришдим. Натижа ёмон бўлмади, сартарошхона очганимга ҳали бир йил бўлмаса-да, фаолиятимни кенгайтириб, 4 кишини иш билан таъминладим. Шунингдек, тенгдошларимга сартарошликни ўргатиб, шогирдлар тайёрлаяпман. 

Фазлиддин Рўзибоев.