Ургутдаги 3-академик лицей биносида СамДУнинг аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаби фаолияти йўлга қўйилади

Самарқанд давлат университети ҳузуридаги аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаб 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ўз фаолиятини бошлайди. Мазкур ихтисослаштирилган мактабга Ургут туманида фаолияти тугатилган СамДУ қошидаги 3-академик лицей биноси ажратилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг 2020 йил 7 декабрдаги 195-Қ-сонли қарорида белгиланди.

Шунингдек, вилоятдаги академик лицейларда ҳар ойда камида бир маротаба бевосита олий таълим муассасаси раҳбарлари томонидан академик лицей ходимлари ва ўқувчилари иштирокида “ректор соати” ўтказиб борилади.

Қарорга кўра, академик лицейларга илмий-методик ёрдам кўрсатиш, ўқув-тарбия жараёнини сифатли ташкил этиш, таълим сифатини тубдан яхшилаш, илғор педагогик технологияларни жорий этиш мақсадида олий таълим муассасаларининг тегишли кафедралари академик лицейлар таълим йўналишларига бириктирилади. Бириктирилган кафедралар профессор-ўқитувчилари унификация қилинган фанлар бўйича дарс машғулотлари олиб боради.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.