Ургутдаги минг йиллик чинорлар кесилмайди, аксинча у ерда 9 миллиард сўмдан ортиқ қурилиш ишлари олиб борилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Ургут туманининг Чорчинор зиёратгоҳидаги минг йиллик чинорлар кесилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мақола ва кесилган чинорлар акс этган суратлар бўйича фикр-мулоҳаза ва муносабатлар билдирилди.

Вазиятни жойида ўрганиш мақсадида Чорчинор зиёратгоҳида бўлдик. Масканда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан танишдик. Зиёратгоҳ ходимлари, қурувчилар билан суҳбатлашганимизда хабар ва суратдаги манзара ўз исботини топмади. Ҳар қандай кишининг ҳайратига сабаб бўладиган булоқ ҳам ёпиб қўйилмаган, зилол сув оқиб турибди.

  

  • Биз бу зиёратгоҳни вайрон қилиш эмас, обод қилиш ҳаракатидамиз, - дейди мажмуа раҳбари Нодир Турсунов. - Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, 9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига замонавий меҳмонхона, музей, қўшимча мақбара, таҳоратхона ва қадамжога мос тарзда турли хил кўринишдаги йўлаклар қуряпмиз. Чинорлардан бирининг кичик шоҳи синиб, осилиб қолгани зиёратчиларга халақит бераётгани боис туман экология ва табиатни муҳофаза қилиш бўлими рухсати билан уни кесиб олдик. Бироқ кимдир буни нотўғри талқин қилиб, ижтимоий тармоқларда эълон қилди.

 

Мажмуа раҳбарининг гапларидан сўнг у айтган дарахтни кўрдик. Ҳақиқатан ҳам чинорнинг кичик шохи синиб, кейин олиб ташлангани кўриниб турибди.

- Қўшимча биноларни қуриш ишлари ҳудуднинг чекка қисмларида олиб борилаётгани боис, бирорта чинорга зарар етмайди, - дейди "Моҳлиоқила" хусусий корхонаси иш бошқарувчиси Хуршид Қулматов. - Ҳатто, чинорларнинг айримлари зич жойлашгани учун уларга зарар етказиб қўймаслик мақсадида кичик, ихчам техникалардан фойдаланяпмиз. Қурилиш ишларини жорий йилнинг сентябрь ойига қадар якунига етказамиз.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.