Ургутлик ўқувчилар Саидризо Ализода илми, ижоди, эзгу ишлари билан таништирилди
Айни кунларда Самарқандда маърифатпарвар олим, журналист ва таржимон Саидризо Ализода таваллудининг 135 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Ургут туманидаги 122-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилди.
Тадбирда маърифатпарвар олимнинг невараси Фарҳод Ализода бобосининг ҳаёти ва ижоди, у яшаган хонадонда уй-музей ташкил этгани ҳақида сўзлаб берди.
- Саидризо Ализода илми толиб - ўқувчилар учун «Сарфи араб», «Туркий алифбо», «Тарих», «Жуғрофия», «Риёзиёт», «Ҳандаса” каби 11 та дарслик тузган, - деди Фарҳод Ализода. - Шу билан бирга ношир ва журналист сифатида «Самарқанд» газетаси ҳамда «Ойина» журналида Беҳбудий билан яқин ҳамкорликда ишлаган. «Шарқ», «Ҳуррият», «Зарафшон», «Овози тожик» газеталарида фаолият юритган. 1919 йилда “Шуълаи инқилоб” журналига асос солган ва чоп эттирган.
Бобомизнинг ҳаёти турли сиёсий талотўпларда ўтди, хорижда машҳур бўлган аллома большевиклар томонидан халқ душманига чиқарилиб, ҳибсга олинди. Бундай тақдир ҳақида том-том асарлар ёзса арзийди. Асарлари, илмий фаолияти яна чуқур тадқиқ этилса арзийди. Бобомизнинг бугунги авлод учун ибрат қилиб кўрсатишга арзигулик сифатлари шу қадар кўпки, улар ўрганишни, илмий мулоҳазаларни тақозо этади.
Мактабда Ализода асарлари ва унинг ҳаётига оид ноёб ҳужжатлар намойиш этилди.