"Уруш кўприклари ёниб кетар, аммо ўтмиш кўприги ёнмас экан..."

1926 йилда Жомбой туманининг Тўққизбой қишлоғида туғилган Ҳасан Ортиқов уруш хотираларини шундай эслади.

- "Бу кунларни эслашни истамасдим, болам! Майли, шунча йўлдан ҳол-аҳвол сўраб келибсан айтиб бераман.

Кечагидек ёдимда. 1944 йилнинг январи эди. Маҳалламиздан 25 нафар тенгдошимни урушга олиб кетишди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Жанубий Қозоғистоннинг пиёдалар полкига бориб қўшилдик. Буларнинг бариси тунда амалга ошириларди. У ерда чамаси 10-15 кун қолиб, ҳарбий тайёргарликдан ўтдик.

Бир неча кун ичида Германиянинг Одер дарёси қирғоқларига жойлашдик. Эшитилаётган ўқ овози ҳаммани даҳшатга соларди. Қор қалинлигидан юришга қийналардик. Душман томондаги вазиятни аниқлаш, зарур ҳолларда муҳим маълумотларни етказиш учун ҳар биримизга алоҳида қалтис топшириқлар бериларди.

Германиядаги вазият жуда оғир эди. Душман нафақат қуруқлик, балки денгиздаги устунликни ҳам қўлга киритишни режалаштирганди. Биз кечалари кўприк қурардик. У ердан тирик қайтишнинг иложи йўқ. Чунки кўприкнинг битиши билан душман томонга пиёда қўшинлари ўтар чоғида кўприкни яна бомбардимон қилишарди. Қанчадан-қанча сафдошларим дарёга чўкиб кетган. Бир неча кунлаб оч қолардик.

Ниҳоят дарёдан ўтдик. Берлинга қараб ҳужум бошланди. Душман томондан ўқ ёмғири ёғиларди. Ўқларнинг бири чап елкамга келиб қадалди. Унинг зарбидан чап томонга бурилдим. Ҳушимни йўқотаёздим. Шу пайт томоғимга нимадир теккандек бўлди...

Қанча вақт ўтганини эслолмайман. Госпиталда даволаниб чиқдим. Яна урушга қўшилдим. Бироқ бу сафар нафас олишга қийналардим. Ҳаракатларим суст. Ортда қолганни эса ўлим кутарди!

1951 йилда Ўзбекистонга қайтиб келган Ҳасан бобо чорвачилик фермаларида, қишлоқ хўжалиги омборларида ишлади.

Бу кунларнинг ҳар дақиқасига шукрона айтаман, - дейди Ҳасан бобо. - Бошимизга тушган машаққатли ҳаёт олдида бугунги кун мисоли жаннат. Юртимиздаги ободлик, тўкинчиликни қанчадан-қанча тенгдошларимиз орзу қилган. Ҳар йили сиҳатгоҳларда дам оламиз. Шифокорлар тез-тез келиб хабар олишади.                                                                                             

Туманда Ҳасан Ортиқов билан бирга Иккинчи жаҳон уруши фахрийси - ғазиралик Fани Тожиев ҳам алоҳида эътибор, эъзозда. Отахон ҳам урушдан қайтгач юрт учун ҳалол меҳнат қилди. Турмуш ўртоғи билан икки ўғил, икки қизни тарбиялаб, вояга етказди, элга қўшди. Бугун 10 невара, 40 чевара ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Катта ўғли Анорбой Fаниев ички ишлар тизимида фаолият юритиб, пенсияга чиқди. Ботир Fаниев эса тадбиркорлик билан машғул.

Отахонлар билан хайрлашар эканмиз, мустақиллик, тинчлик ва осойишталик халқимизнинг бебаҳо бойлиги экани, унинг қадрига етиш зарурлигини таъкидладилар, юртимизга тинчлик-омонлик тилаб, дуога қўл очдилар.

Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.