Уруш - ўтмишнинг доғи

Уруш. Бу сўзнинг номи ҳам, ўзи ҳам совуқ. У нотинчлик, парокандалик, йўқотишлар, хавф-хатар, ишончсизлик каби ҳисларни ўзида жамлаган. Халқимиз, айниқса, кам сонли қолган Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, уруш ортида меҳнат қилганлар бунинг заҳридан бенасиб эмаслар ва бир умрга ширин турмуши пароканда бўлганлигидан армонда. Биз эса шундай жасоратли инсонларнинг матонатли меҳнатларини қадрлаймиз, уларга ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром кўрсатамиз. Қалбларида машъум урушнинг доғи ҳамон сақланаётган боболаримиз ва момоларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Сўзлаб берганларидан ибрат оламиз.

Момом айтган ҳақиқат

 - 1942 йилнинг ёзи эди, - деб аччиқ хотираларини айтиб берарди Қундуз момом. - Уруш авжига чиққан. Қишлоғимиз - Нуробод туманидаги Гумбаздан фронтга кетган ўнлаб жангчи аскарларнинг ота-оналари, яқинлари туну кун фарзандига омонлик тилаб дуо қилишарди. Ҳар икки-уч кунда кимнингдир хонадонида йиғи-сиғи товуши эшитилса, барча ўша хонадонга бориб ҳол сўрардилар. Чунки бу хонадондан урушга кетган яна бир қишлоқдошимиз ҳалок бўлганлиги ҳақида “қорахат” олинган бўларди. Шу тариқа тушкун кайфиятли қишлоқ аҳли, кексалар ва қизлар, ёш болалар бараваракайига далада меҳнат қилардик. “Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун!” деган даъватга амал қилинарди. Етиштирилган ҳосил - мева-чева, дон-дуннинг барчаси фронтга жўнатиларди. Бу пайтда бобонг билан биз ўзбекона одатимизга кўра унаштирилган эдик. Отам ва амакиларим, қайнотамнинг қистови билан 4-5 нафар қишлоқ оқсоқолларини чақиришиб, икки хоналигина уйларида кичик тўй ўтказишди. Биз оилали бўлдик. Орадан бир йил ўтгач, 1943 йилнинг ёзида яна ўша юмушлар бошланган, биз бобонг билан даладаги жамоа ғалласини ўриш ва одамларга ёрдам бериш учун буғдойзорга боргандик. Иш қизғин кетаётган бир пайт тупроқ йўлдан чанг кўтарганча қишлоқ томонга юк машинаси кела бошлади. Буғдой ўраётган одамлар бу машинанинг келиши яхшилик учун эмаслигини, қишлоқдан яна кимларнидир урушга олиб кетишини биларди. Шу тариқа далада буғдой ўраётганларнинг барчаси бошларини кўтарганча машинани кузатишарди. Машина тўғри дала бошига келиб тўхтади. Ундан мундир кийган ҳарбий киши тушиб, ўроқчилар билан саломлашди ва муддаога ўта қолди. “Орангизда Жўраев Мурод, Маматов Мусо исмли йигитлар борми? Улар бугундан бошлаб ҳарбий хизматга – урушга жўнатилади. Ватан учун, халқимиз учун хизматга чақирилганлар!” Бу йўғон ва жарангдор сўз барчага бирдек эшитилди. Уларнинг бири бобонг эди. Бобонг ва ўроқчилар орасида буғдой ўраётган Муса исмли тенгдоши бараваракайига “мен”, “мен”, дейишди. Ҳар иккаласини ҳарбий киши ёнига чақирди ва қандайдир қоғозга имзо қўйдирди-да, машинага минишларини буюрди. Қишлоқ аҳли улар уйга боришларини, оиласи билан хайр-маъзур қилишларини сўрашди. Мундирли киши рози бўлди. Уларни машинага миндириб қишлоқ томон йўл олди. Бобонг эса машинадан мен томонга қараганча нима деярини билмасдан кетиб борарди. Одамлар машина ортидан чопишар, чопаётиб урушни лаънатлаб борардилар. Мен улардан ортда қолиб кетдим. Чунки, онангга ҳомиладор эдим, болам. Оёқларим қадам ташлаяптими, йўқми билмасдим. Кимдир келиб қўлимдан тутди. “Йиғлама, болам, йиғлама”, бошимизга тушган ташвиш эканда, Муроджон эсон-омон қайтади, мана кўрасан”, деганча қўлида олиб кетаётган рўмоли билан кўзимдан оқаётган ёшни артарди. “Онажон, энди нима бўлади?”, дея олардим гоҳ юрар йўлимга, гоҳ онамнинг юзига қараб. Бир чақиримлик қишлоқ йўли ҳам олисдек бўлиб кетди. Келганимда, бобонг мен кеча тунда ювиб қўйган оппоқ кўйлагини, тоза шимини ва қалпоғини кийибди. Қўлидаги халтачада бир бурда нон, қайнонам солиб берган бир ҳовуч туршак ва қанд-қурс бор эди. Оёғида этиги, билагига эса қайнотамнинг кўпайкасини осиб олган эди. Кўз олдим қоронғу бўлиб кетди. Бобонгнинг меҳрига қонмаган эканман бир зум бўлса ҳам қайнонам ва қайнотамга, қайнсингилларимга хайрлашиш учун уни бергим келмасди, қўлларини маҳкам сиқиб турардим. Улар барча билан қучоқлашиб хайрлашди. Машина ўт олдирилди. Иккала йигит қаерга, нима учун кетишаётганини жуда яхши биларди, аммо йигитлик ғурури, душманга бўлган нафрат туйғуси, бизни ҳимоя қилишдек иштиёқ яқинларидан ажралишдан-да устун эди.

...Ўшанда бобонг 19 ёшида эди. Ора-орада қисқагина ёзилган хат келиб турарди. Фронтга кетганларнинг кўпчилиги қайтмади. Уларнинг яқинларининг армонлари бизникидан ортиқ эди. Қишлоқ аҳолиси одатдагидек жимоат ишида мардона, кексалар ҳам болалар ва хотин-қизларга баҳоли қудрат дала ишларида кўмаклашарди. Деҳқончилик ва полиз маҳсулотлари фронтга жўнатиларди...

У уйга қайтди, дўсти қайтмади

Орадан уч йил ўтди. Бу пайтда фарзандим, яъни онанг икки ёшдан ошган эди. Ғалаба нашидасидан завқ олиб меҳнат қилаётган халқ аввалгидан-да кўпроқ ишлар, фронт ортидаги меҳнатларидан ғурурланарди. Қишлоқда фарзанди урушга кетиб “қорахат” олмаган оилалар сирасида бизнинг оиламиз ҳам бор эди. Шунисига ҳам шукур қилиб яшардик. Кунларнинг бирида бобонгдан хат олдик. Унда “Мен яқинда бораман”, деган жумла ёзилган экан. Бу хат бизга олам-олам завқ бағишлади. Хатда дўстини ҳам сўраган. Жавоб хатимизда дўсти хабарсиз эканлигини ёздик. Шу йил ёзнинг саратони жуда иссиқ келиб, боғларда мевалар ғарқ пишган, одамлар далада меҳнат қилишар, уруш тугаган бўлса-да, ғалабага ўзларининг фронт ортидаги меҳнатлари билан ҳисса қўшишаётганликларидан фахрланишарди. Шундай кунларнинг бирида олисдан қишлоқ томон келаётган ҳарбий кийимдаги аскар кўринди. Бу сенинг бобонг экан. Одамлар ўша томонга югурди. Биз қатори қишлоқдошларнинг барчаси уни шодлик билан қарши олишди. Қўли ва елкасидан яраланган, аммо тириклигининг ўзи қишлоқдошлари сингари бизнинг оиламиз учун ҳам байрам бўлди. Урушга биргаликда жўнаб кетган дўсти эса қайтмаганди...

Раҳматли момомнинг дард, ғам билан суғорилган ҳикояларини болалигимда берилиб тинглардим. У киши кўп ва хўп воқеаларни, ўтмишдаги уруш исканжасининг азоб-уқубатларини бот-бот сўзлаб берардилар. Иккинчи жаҳон уруши сабабли инсоният бошига тушган савдолар, уларнинг ширин турмушларининг бузилиши, ёш ва навқирон дамларини ана шундай қийинчиликлар билан ўтказишлар, ёш йигитларнинг бевақт оламдан ўтиши, халқнинг осуда ҳаёти бузилиб, топталиши кабиларни тинглаб қўрқиб кетардим ва бугунги тинчлигимизга, дориломон кунларимиздан айирмаслигига бағишлаб айтилган шукроналикларини ҳис қилардим, қўл очиб дуосига қўшилганча юзимга фотиҳа тортардим.

Хулоса шуки, кимларнингдир хатоси ва кўрсатмаси асосидаги ҳаракатлар қурбонига айланган бегуноҳ инсонлар сони кўпчиликни ташкил этган. Ўша хатога йўл қўйганлар бегуноҳ кишилар ўлимининг уволига қолишни ўйламаганмикан, дея хаёлга толасан киши. Негаки, ота-боболаримиз, момоларимиз кўрган ўша мудҳиш кунлар учун бугунги фаровон ҳаётнинг қадрига етмоғимиз, унинг ҳар дақиқасини асраб-авайламоғимиз керак.

Маҳмаризо Абдураҳмонов.