Уруш қатнашчиларига 7,5 миллион сўмдан пул мукофоти берилади: Хўш, бу мукофотни вилоятимиздан неча нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси олади?

9 май муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 7,5 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти берилади. Бош вазир Абдулла Арипов 24 апрелда ўтган селектор йиғилишида ҳокимларга топшириқ берган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Беҳзод Қобуловнинг "Minbar"га маълум қилишича, хизмат бурчини ўташ чоғида вафот этган ҳарбийларнинг оилаларига Мудофаа вазирлиги 2 млн. сўмдан пул беради.

"Айни пайтда мамлакатимизда 878 нафар уруш қатнашчиси яшаяпти. Уларнинг ҳар бирига 7,5 миллион сўм нақд пул берилади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига патронаж ҳамшира бириктирилади. Патронаж ҳамшира бириктирилганда уларнинг билими ва муомала маданиятига алоҳида эътибор бериш зарур. Патронажлар учун маҳаллий эмас, балки республика бюджетидан маблағ ажратамиз, шуни ҳисобга олинглар", – деган бош вазир.

Уруш қатнашчиларига 2017 йилда 2 миллион, 2018 йилда 5 миллион сўмдан мукофот берилган. Уруш қатнашчилари сони республикамизда ўтган йили 1168 нафар эди, бу йил 878 нафар қолган.

Самарқанд вилоятида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари атиги 70 кишини ташкил этмоқда.

-Бизга берилаётган эътибор ва ғамхўрликдан бошим осмонга етди, ҳукуматимизга минг раҳмат, - деди уруш қатнашчиси, I гуруҳ ногирони Рашид Раҳмонов. – Аллоҳга шукр, мана шундай ёруғ кунларни кўрдик, бизни бошимиздан ўтган қийноқларни ҳеч қачон халқимиз, ёшларимиз кўрмасин.