Уруш қатнашчиси Абдураҳим отага трактор ва «Дамас» совға қилинди
Айни пайтда Олмалиқ шаҳридаги «Тожмаҳал» тантаналар мажмуасида 2-Жаҳон уруши қатнашчиси Абдураҳим ота Мавлоновнинг 100 ёшлик юбилейи бўлиб ўтаяпти.
Маросимда Белорусиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Президент админстрацияси масъул ходимлари, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда, деб хабар беради Тошкент вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Абдураҳим Мавлонов 2-Жаҳон урушида Белорусияни немис-фашист босқинчилардан озод этишда қатнашган, қаҳрамонлик кўрсатган.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ташриф буюрган барча меҳмонларни қутлаб, Абдураҳим ота каби мард, ўтюрак инсонлар босиб ўтган ҳаёт йўли ёшлар учун ибрат мактаби эканини алоҳида таъкидлади. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари О. Рустамов отахонга Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси «Дамас» русумли машина калитини топширди.
Белорусиялик меҳмон ўз сўзида мамлакатни немис-фашистлардан озод қилишда кўрсатган жасорати учун Абдураҳим ота Мавлоновга ташаккур изҳор қилди. «Белорус халқи ва давлати сиз каби инсонларни ҳамиша ёдда сақлайди ва унутмайди. Шу йил 3 июнь куни Белорусиянинг фашизм балосидан озод қилинганига 75 йил тўлади. Орадан қанча вақт ўтса ҳам биз ўша оғир кунларда халқимизга ёрдам берган собиқ иттифоқ аскарларини шараф билан ёдда сақлаймиз», деди элчи жаноблари.
Белорусия тупроғини немис-фашист босқинчиларидан озод этишдаги қаҳрамонона иштироки, таваллудига 100 йил тўлиши муносабати билан Абдураҳим Мавлоновга Белорусия халқи ва давлати номидан замонавий русумдаги МТЗ сериясига мансуб трактор ҳамда миннатдорлик мактуби, фахрий ёрлиқ топширилди.