Устозлар миллий форуми: Ютуқлар эътироф этилди, муаммо ва камчиликларга ечим изланди

Хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи” шиори остида тўртинчи “Устозлар миллий форуми”нинг якуний қисми бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев, таълим тизими раҳбарлари, ўқитувчи ва мураббийлар иштирок этди. 

Ўтган ўқув йилида қандай натижаларга эришилди? 

Мактаб битирувчиларининг 1889 нафари олтин, 348 нафари кумуш медаллар билан 11-синфни тугатди. 342 нафари хориждаги олий таълим муассасаларига грант асосида қабул қилинди. Мисол учун, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Самарқанд филиали 11-синф ўқувчиси Иброҳим Нарзуллаев 19 та хорижий олий таълим муассасасиининг турли даражадаги грантларини қўлга киритиб, муддатидан олдин ўқишга қабул қилинди. 

Бугун вилоятда минг доллардан кўп маош олаётган ўқитувчилар 249 нафарга етди. 

Ўтган ўқув йилида мактабларга 24 нафар хорижлик мутахассислар жалб этилди. Бу йил яна 149 нафар мутахассисларни вилоятга олиб келиш режалаштирилган. 

2024-2025 ўқув йилида халқаро олимпиадаларда 15 нафар ўқувчи иштирок этди. Жумладан, Ҳиндистонда 30 та давлат ўқувчилари иштирок этган халқаро математика мусобақасида Каттақўрғон туманидаги 48-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Давронбек Дониёров 3-ўринни қўлга киритди. 

Камчиликлар нимада? 

86 та мактаб таълим даражаси паст бўлган мактаблар рўйхатига киритилган. Жумладан, Ургутда 25 та, Қўшработда 17 та, Нурободда 13 та, Каттақўрғон туманида 12 та, Паст Дарғомда 7 та, Пайариқда 5 та, Жомбой, Нарпай, Иштихонда 2 тадан ва Оқдарёда 1 та мактаб шундай тоифада. 

Педагогларнинг сифат таркиби, яъни олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши вилоятда ўртача 30,9 фоизни ташкил этади. Бироқ бу кўрсаткич Ургут, Иштихон, Каттақўрғон, Паст Дарғом, Пайариқ, Нуробод ва Самарқанд туманларида вилоят кўрсаткичидан ҳам паст. 

5384 нафар хорижий тил фани ўқитувчиларининг 1699 нафари, яъни 31 фоизи миллий ва халқаро даражадаги сертификатларга эга эмас. 

Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари ҳам вилоятда мақтанарли ҳолатда эмас. Жорий йилда 50286 нафар мактаб битирувчиларидан 13499 нафари ёки ўртача 26,8 фоизи давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. 

Қандай вазифалар белгиланди? 

Форумда сўзга чиққан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев вилоятдаги умумтаълим мактабларининг муаммо ва камчиликлари ҳамда ютуқлари ҳақида гапирди. Сўнгра келгусидаги устувор вазифалар ҳамда аниқ мақсадларга тўхталди. Жумладан, вилоятдаги таълим даражаси паст бўлган мактабларга бешта педагогик йўналишдаги олий таълим муассасаларининг, Педагогик маҳорат маркази ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг масъул ходимларини бириктириш, умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчиларини миллий ва халқаро даражадаги сертификатга эга бўлиши учун маҳоратли, тажрибали профессор-ўқитувчилар иштирокида ўқув-семинарлар ташкил этиш каби вазифалар белгилаб берилди. 

Ўз навбатида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда устувор вазифалар белгилаб олинганини таъкидлади. Масалан, янги ўқув йилида олий тоифали ўқитувчилар улуши 9,8 фоиздан 12,2 фоизга, биринчи тоифалилар 18,3 фоиздан 21 фоизга, иккинчи тоифалилар 24,3 фоиздан 26 фоизга етказилади. Шунингдек, инклюзив таълим тизими жорий қилинган умумтаълим мактаблари сони 104 тадан 150 тага оширилади, ҳар бир туман ва шаҳарда биттадан “Жасорат мактаби” фаолияти йўлга қўйилади, янги баҳолаш тизимига ўтган мактаблар сони 117 тадан 200 тага етказилади. 

Тўртинчи “Устозлар миллий форуми”нинг якунида ўтган ўқув йилида ютуқларга эришган бир қатор педагоглар вилоят ҳокимининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

- 2024-2025 ўқув йили бизнинг мактаб учун жуда омадли келди, - дейди Каттақўрғон шаҳар 11-ихтисослаштирилган мактаб директори Озода Салимова. – Ўқув йили давомида учта республика танловида ўқувчиларимиз фахрли ўринларни қўлга киритди. 91 нафар битирувчимизнинг 14 нафари олтин медаль билан тамомлади, 31 нафари касбий сертификатларни қўлга киритди. Олий таълим муассасасига ўқишга киришга ҳужжат топширган 71 нафар ўқувчидан 45 нафари талаба бўлди. Бугунги форумдан янада руҳландим ва бундан-да катта марраларни қўлга киритишни мақсад қилдим. 

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.