Валихўжаев чой дамлаб берган “салобатли киши” ким эди? Ёхуд меҳмон олган катта ҳаётий сабоқ
Хоксорлик - ҳақиқий инсонийлик мезони. Хоксорлик - кибрнинг тескариси. Қаноатли инсон, бировдан кам жойи бўлмаса ҳам ҳамиша камтарона юриш-туришни афзал билади. Инсон табиати шундайки, улуғлангани сари кибрланиш пайдо бўлади. Атрофдагиларнинг мулозамати, унинг фикри билан ҳисоблашиш ва ҳоказо масалалар инсонни ҳаволантиради, ўзига бино қўя бошлайди. Агар мансабдор бўлса кибр хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш, атрофдагиларга паст назар билан қараш, оёғи ердан узилишига сабаб бўлади.
Бой ёинки жамиятда улуғ мансаб ва мартабага эришган одамлар орасида хоксор инсонлар жуда кам учрайди. Хоксор бўлиш туғма эмас, балки тарбиянинг мукаммаллиги, ҳаёт фалсафасини чуқур тушуниши ва маданияти, маънавиятининг юксаклигидан далолат беради.
Бундай улуғ инсонлар ҳамма замонда кўп учрайди. Инсон уларга ибрат кўзи билан қарайди, ўз хатти-харакатини тузатади, камчиликлари бўлса хулоса қилади, бир сўз билан айтганда, улардан хоксорликни ўрганади. Хоксорлик, яъни ўзини тупроқ қадар паст тутиш деганда нимани тушунамиз? Албатта ўта камтаринлик, тавозеъ, беозор бўлиш, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат кўрсатишнинг олий намунаси, эришган муваффақиятидан дам урмаслик, балки уни яшириш, ҳаётда қаноат, саховат, эзгулик, камсуқумлик ва андишани ўзининг шиори деб билган кишини хоксор, бошқача айтганда, юксак маданият ва маънавият соҳиби дейиш мумкин. Яшириб нима қиламиз, бойлик ва мансаб инсон обрўси ва улуғлиги кўрсаткичи бўлган жамиятда кўпчилик хоксор инсонлар Аллоҳнинг азиз бандалари эканлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар ва уларга ачиниш билан қарашади. Гўёки улар бечора, омадсиз одамлардек. Аслида-чи? Шундай муносабатлар гирдобида ўзининг маънан юксак фазилатларини сақлаб қолиш инсоннинг ботиний руҳий олами илоҳий нурдан баҳраманд эканидан далолат беради. Боз устига, муайян мансаб эгаси бўла туриб шундай фазилатларга эга инсонни учратсанг уни қанча улуғласанг шунча кам. Чунки иззат ва шуҳрат шоҳсупасида туриб хоксор бўлиш қаҳрамонликдир.
Самарқандда яшаб ўтган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, бир канча давлат мукофотлари, орден ва медаллар соҳиби, филология фанлари доктори, профессор, академик Ботурхон Валихўжаев шаҳар маънавий ҳаёти тарихида сезиларли из қолдирган сиймолардан. У кишини Абдураҳмон Жомийга ўхшатаман. Мен 26 ёшимда 1987 йил Самарқанд давлат университетига ишга келганимдан то умрларининг сўнгги кунларигача ул зот билан яқин муносабатда бўлдим. Мен ҳаётимда икки фариштасифат одамни учратганман. Бири отам бўлса, иккинчиси устозим Ботурхон домла эди.
...Домла Самарқанд давлат университети ўзбек ва тожик филологияси факультетида декан, ўзбек мумтоз адабиёти тарихи кафедрасида мудир, университет проректори, бир пайтнинг ўзида вилоятдаги бир қанча жамоат ташкилотларида фахрий раис бўлиб ишлаганлар. Қаерда ишламасинлар, қилган қарорлари, тутган тутумлари барча ёшу қарининг баъзан очиқ, баъзан хуфёна эътирофига сазовор бўларди. Айрим пайтлар кимлардир кўнгилларини ғашлар, сабаб-бесабаб озор берар, кўрсатган лутфларини фаросатсизларча қадрсизлар эди. Шундай пайтларда домла бошларини эгиб хаёлга ботардилар, қўллари кетма-кет сигарет қутисига бориб келаверар эди.
Оддийлик ва камсуқумлик...
Абдураҳмон Жомийнинг овозасини эшитиб узоқ юртлардан унинг суҳбатида қатнашиш учун келган мухлислар уни ўтирганларнинг орасидан таниб ололмас эканлар. Унинг хоксорлиги шу даражада эканки, юриш-туриш, гапириш-тинглаш, кийиниш ва ейиш-ичишда ўз хизматкорлари билан ўрталарида фарқ бўлмас экан.
(Алишер Навоийнинг “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асаридан).
У даврларда кафедра мудирлари алоҳида хонада ўтирмасди. Умумий хона тўрида турган каттароқ стол кафедра мудирига тегишли бўларди. Ҳозир эса кафедра мудирларига алоҳида хона бермасанг ўзини камситилган ҳисоблаб юради. Лаборантга эса хона остонасига яқин жойда стол қўйиб бериларди. Мен лаборант эдим. Кун давомида кафедра ёзув-чизув ва деканат топшириқларини бажариш, ўқитувчиларнинг дарсларга қатнашиш жадвалини назорат қилиш ва йиғилиш баённомалари ва ҳужжатларни расмийлаштириш, хуллас, кафедранинг барча “қора ишлари” зиммамда эди. Ўқитувчилар фақат танаффус пайтлари кафедрага кирар, бошқа пайтлари аудиторияда дарс бериш билан банд бўлардилар. Фақат мен ва мудир кафедрада муқим ўтирар эдик. Дарсга кириб-чиқишларини ҳисобга олмаганда, домла ҳар куни эртадан кечгача кафедрада ўтирар эдилар. Ботурхон домла ёнида бўлиш менга завқ бағишлар эди. Ҳар бир гаплари менга йўлланмадек туюларди. У кишининг ҳеч вақт бекор ўтирганларини кўрмаганман. Доим ё ректорат топшириқларини бажариш билан ёки диссертация ўқиш билан банд бўлардилар. Ректорат топшириқларини ҳозиргиларга ўхшаб кимларгадир топшириб қўймасдан ўзлари бажарар эдилар. Ўз вазифаларини виждонан қилар, ўзи бажариши керак бўлган ишни бошқаларга юклаб “зулм” қилишни ўзларига эп кўрмасдилар. Кимлардир лаборантни қул каби ишлатар, ўзининг қоғозлари-ю эски маърузаларини мошинкада кўчириб келишга мажбур қиларди. Домла ҳеч қачон бундай юмушни менга бермаганлар. У кишининг ҳар бир хатти-ҳаракати мен учун тарбия намунаси эди.
...Бир куни кафедрага салобатли бир киши кириб келди. Одоб билан кутиб олиб, раҳматли академик Воҳид Абдуллодан кафедрага мерос қолган баланд суянчиқли диванга ўтирғиздим. Чой таклиф этдим. Меҳмон узоқ вилоятдан келгани, Ботурхон ака билан танишиб, қизининг илмий ишини маслаҳатлашиш учун келганини айтди. Гапдан гап чиқиб кичик бир корхонага раҳбар экани, вақти тиғизлигини рўкач қилиб, домла билан тезроқ учраштиришни сўради. Домла дарсда эдилар. Мен яқин орада бўладиган танаффус пайти барча ўқитувчилар кафедрага кириши ва домла билан ҳам шу ерда гаплашиб олишини айтиб бир юмуш билан деканатга чиқдим. Танаффусга қўнғироқ чалинди. Кета туриб, домланинг кафедрага кириб кетаётганига кўзим тушди. Ҳартугул бугун ўқитувчилар кам, бемалол меҳмон билан гаплашиб оладиган бўлишди, деб бамайлихотир деканатда ишларимни бажардим. Дарсга киришга қўнғироқ чалингач, домла яна дарсга кириб кетганлари ва меҳмоннинг ҳам иши битганига ишонч ҳосил қилган ҳолда кафедрага кириб бордим. Қарасам, меҳмон ҳали ҳам диванга ястанганча чойдан ҳўплаб ўтирибди. “Қалай, муродингиз ҳосил бўлдими?” дедим яна чой узатиб.
“Домла келмадилар-ку ҳалиям”, деди меҳмон.
“Ахир, ҳозиргина олдингиздан чиққан одам академик Валихўжаев бўладилар”, ажабландим мен.
Меҳмоннинг авзойи ўзгарди: “Наҳотки, шу инсон академик бўлса, мен у кишини оддий домлалардан бири деб ўйлабман. Чойнакдаги чой тугаган экан, чой дамлаб бердилар. Туриб бурчакдан қанд-қурс олиб келиб манзират қилдилар. Чой қўйиб бердилар. “Хўш, хизмат”, деб сўраганлари ҳам йўқ. Қайтага “йўлдан толиқиб келган бўлсангиз керак, Шуҳратжон ҳозир келиб қолади. Ўз уйингиздагидек бемалол ўтиринг”, десалар мен шу кафедранинг оддий ўқитувчиларидан бири деб ўйлабман. Бир оғиз гапирмадим. Ҳатто Валихўжаевни кутяпман демабман ҳам”.
Ўшанда меҳмоннинг аҳволини кўринг эди. Меҳмон ҳай-ҳайлаганимга қарамай шартта туриб уятдан бошини сарак-сарак қилиб чиқиб кетди. Менимча домла кирганда ўрнидан турмаган ҳам бўлса керак. Домла жуда камтарона кийинар, муносабатларда тавозеъни ўрнига қўяр, ҳеч қачон ўзини катта тутмас эди.
..... Менимча, ўша куни меҳмон катта ҳаётий сабоқ олган эди...
Беозорлик....
Бизнинг факультетимизни янги бинога кўчиришди. Ректоримиз домланинг академиклигини ҳисобга олиб кафедра ёнидан бир кичиккина хонани ажратиб берди. Ҳатто алоҳида телефон ҳам ўтказиб берилди. Ҳар тўкисда бир айб, деганларидек, кафедрада мавжуд бўлган телефон эса узиб қўйилди. Нима эмиш, кафедра мудирига берилган телефондан бошқалар фойдаланса етарли экан. Майли, нима ҳам дердик. Зарур пайтларда, гарчи ноқулай бўлса-да, домладан рухсат олиб олдиларида телефонда гаплашишга мажбур бўлардик. Бир куни ректоратга телефон қилишимга тўғри келди. Домла кабинетда қоғозларни ўқиш билан банд эдилар. Секин хонага бош суқдим-да “телефон қилсам майлими” дегандек, телефонга ишора қилдим. Домла “бемалол, марҳамат” дедилар. Кириб гўшакни кўтардим. Телефон ишламас экан. “Телефон ишламаётган экан, домла, узр, сизни безовта қилдим” десам, кўзойнаклари остидан маъноли қараб “Ие, ишламай қолибдими, мен узр сўрайман сиздан” деб қўйдилар. Ташқарига чиқдиму домланинг гапларидан таъсирландим: “ана фаросату мана назокат, ана улуғлигу мана беозорлик! Домла бу телефоннинг ишламаслигини, чамамда, билардилар. Агар менга тўғридан-тўғри “Телефон ишламаяпти” деганларида “менга халақит берма” деган маъно чиқиши ва кўнглимда озурдалик пайдо бўлишини ҳисобга олиб ўзим ишонч ҳосил қилишимга имкон бердилар.
Андишалилик...
...Султон Ҳусайн Бойқаронинг хаёлига Алишер Навоийга амирлик лавозимини бериш келди. Шунда Навоий кўнмай: “Мен сизнинг эътиборингиз туфайли обрўим барча амирлардан юқоридур. Қолган умримни сизнинг ҳаёт йўлингиз ва мадҳингизни тарих саҳифаларида қолдиришга бағишлашга ижозат берсангиз” деди. Мир Алишер учун мансаб эмас, илм ва ижод завқ берар, ҳаёти мазмуни эди. Аммо султоннинг таклифини рад этиш ношукрлик деб билиб, ушбу мансабни қабул қилишга мажбур бўлди.
(Хондамир. "Хулосат ул-ахбор” асаридан)
Университет ректори қўярда-қўймай домлани маънавий-тарбиявий ишлар бўйича проректор лавозимига тайинлади. Домла жуда қаттиқ ўйландилар. Табиийки, бу лавозим илмий иш билан мунтазам шуғулланиш, севимли машғулоти – талабалар билан доимий мулоқотдан узоқлаштирар эди. Домла жуда қаттиқ сиқилиб юрдилар, аммо ноилож, билдирилган ишончни рад этиш ўзига кўрсатилаётган юксак эътиборни қадрламаслик деб қаралишидан безовта бўлиб, рози бўлдилар. Домла ҳар бир кирган одам, ёшми, қарими, талабами ёки профессорми, қатъи назар, ўрнидан туриб кутиб олар, эшиккача кузатиб қўярди. Проректорнинг иши кўп, ҳали йиғилиш, ҳали юқоридан топшириқ, бу ёғи ректор чақириб қолади, қаердадир тадбир ўтказиши режалаштирилган, бир сўз билан айтганда, ҳар бир куни соатма-соат режалаштирилган. Бу билан қабулига келган одамнинг не иши бор. Кимдир шунчаки қадрдонимдан ҳол-аҳвол сўрагани келдим деб тезда чиқишни хаёлига ҳам келтирмайди. Кимдир қандайдир муаммо билан, яна кимдир узоқ ўйлаб юрган ғоясини амалга оширишга ёрдам сўраб дардини достон қилади.
Домла йиғилишга кечикаётганини қандай айтишни билмас, суҳбатдошининг кўнглига қараса, кеч қолади, узр сўраб хайрлашса, меҳмон уни такаббурликда айблаши мумкин. Ўтирса, юқорида унга нисбатан нотўғри фикр билдирилишидан безовта. Қабулхона эса ҳамиша одам билан лиқ тўла... Домла минг азоб билан ичидаги изтиробни билдирмас, имкон қадар ким кирса фикрини бўлмай, охиригача тинглар, чой узатар, стол устида турган қанд-қурсдан татиб кўришга ишора қиларди. Хуллас, домла икки ўт орасида жуда қийналди ва бу у кишининг соғлигига путур етказди.
Хоксорлик...
Домлани камтарликда ҳеч ким билан қиёс қила олмайман. Домла факультет эшигидан кириб борар экан, эшик олдида бир тўхтаб оладиган одатлари бор эди. Ёнларида турган одамга, қандай ёшда бўлишидан қатьи назар, бу кўпинча талабалар бўларди, “қани марҳамат” деб қўл билан олдинга ўтишга ишора қилардилар. Таниганлар “йўғ-э, домла, сиздан кейин” деса, айримлар индамай ўтиб ҳам кетаверарди. Танимаганлар домлани, билмадим, оддий ходим деб ўйлар эдилар, шекилли. Биз эса домланинг бу фазилатларини кўриб ичимизда тасаннолар айтар эдик.
Бир куни домланикига бордим. Дарвозадан кириб ҳовли ўртасида овоз чиқардим. Домла болохона деразасини очиб бош чиқардилар-да, юқорига кўтарилишимни айтдилар. У киши доим болохонада ижод билан вақт ўтказардилар. Мен зинадан кўтарилиб хонага кираверишдаги ойнаванд даҳлизчага оёқ кийимимни ечиб ичкарига кирдим. Суҳбат анча чўзилди. Ҳатто ўртада янгапошшо (умр йўлдошларини шундай деб чақирардик) ҳам етиб келиб, ярим косадан овқат ҳам тортдилар. Кетар маҳал бўлди. Ҳақимга яхши тилаклар айтиб, дуо қилдилар. Хонадан даҳлизга чиқар эшикка етганимизда “қани, марҳамат” деб менга йўл бердилар. У киши уй эгаси, мен меҳмонман. Мен чиқай десам, устозимдан олдин чиқиш - беодоблик. Чиқмай десам, у киши мени кузатиб қўяётганлари учун мени олдин чиқишимни кутиб турибдилар. У киши академик, ёшлари улуғ инсон, мен эса бор-йўғи бир ёш тадқиқотчи шогирдча. “Домла, узр, сиздан бўлсин” дея орқага тисарилдиму устозга йўл бердим. Тушундимки, домлани ҳам олдинга ўтишдан бошқа иложлари қолмаганди. Шу пайтда содир бўлган бир ҳолат бир умр кўз олдимда қолди. Домла даҳлизчага қадам ташладилар-у, энгашиб, чеккада турган менинг туфлимни олиб, тўғрилаб оёғим остига қўйсалар бўладими. Пешонамдан тер чиқиб кетди. “Ҳай-ҳай” деб домланинг қўлларини ушлаганча қолдим. Зинадан қандай тушганимни ҳам, домла билан қандай хайрлашганимни ҳам эслолмайман. Кўчага чиқиб, ўзимга келдим... Ана хоксорликнинг олий намунаси...
....Ҳар гал Самарқандга йўлим тушса, устозим қабрини албатта зиёрат қиламан. Хаёлан у киши билан мулоқот қиламан. Қилган дуолари мустажоб бўлганини айтиб кўзимга ёш оламан. Шундай инсонни менга нафақат илмда, балки ҳаётда ҳам устоз қилган Яратган эгамга шукрлар қиламан.
Шуҳрат Сирожиддинов,
профессор.