Веломарафончилар “Мўйноққа мадад” учун Самарқандда жам бўлди

Аввал хабар берганимиздек, бугун “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафони Самарқанд вилоятида ўтказилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Мамадқулов, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Н.Обломуродов, Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облоқулов сўзга чиқиб, Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамиз, балки глобал даражадаги экологик офат марказига айлангани, шу сабабдан кейинги йилларда Оролбўйи ҳудудида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Мазкур экологик хайрия веломарафони ҳам ушбу эзгу ишларнинг узвий давоми. Веломарафонни ўтказишдан асосий мақсад Оролбўйи худудида яшаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлар ва фаол фуқароларнинг ихтиёрийлик асосида хайрия ва ҳомийлик маблағларини жалб этишдан иборат.

Веломарафон иштирокчилари 55 километр масофани босиб ўтди. Тажрибали веломарафончилар қаторида самарқандлик велопойгачилар ҳамда ҳаваскорлар иштирок этди. Кўтаринки руҳда ўтказилган тадбирда иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

-  Бу спорт тури билан тўрт йилдан буён шуғулланганим бугунги мусобақада  асқотди, - дейди ургутлик велоспортчи Орзумурод Эрназаров. – Насиб қилса, Мўйноқача бормоқчиман.

Самарқандда веломарафон эртага ҳам давом этади. Иштирокчилар 50 километр масофани босиб ўтади. Шундан сўнг “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафони иштирокчилари Навоий вилояти томон йўл олади.

Ҳусан Элтоев.