Ветеринария ва чорвачилик соҳасида малака ошириш институти очилди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази негизида Ветеринария ва чорвачилик соҳасида педагог ҳамда мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ташкил этилди.
Республика Президентининг 2024 йил 4 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги ҳамда ветеринария ва чорвачилик соҳалари кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан очилган мазкур институтда 2025 йилдан бошлаб ветеринария ва чорвачилик соҳасида фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимлари ҳамда ушбу соҳада фаолият юритаётган профессионал таълим муассасалари педагог ходимлари учун малака ошириш курслари ташкил этилади.
Шунингдек, дарс машғулотларига нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларининг малакали ҳамда тажрибали профессор-ўқитувчилари, етук мутахассис ва маслаҳатчилари жалб этилади.
Шу вақтгача фаолият кўрсатиб келган марказларда йилига 800 нафарга яқин педагог ва мутахассислар малака ошириш курсларида қатнашган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич икки баробарга оширилади.
Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини қийнаб келаётган энг катта муаммолардан бири бу шубҳасиз, озиқ-овқат муаммосидир. Халқимиз дастурхонини чорвачиликдан олинадиган маҳсулотлар билан тўлдириб боришда ушбу соҳа вакилларининг ўрни беқиёс. Шу нуқтаи назардан, ушбу соҳада касбий фаолиятини давом эттираётган барча мутахассисларнинг малакасини узлуксиз равишда ошириб бориш бугунги кунда биринчи галдаги вазифа ҳисобланади.
Р.Пардаев,
ушбу институт директори.