Вилоят Кенгашининг сессияси: Самарқанд тумани муаммолардан холи эмас
1-Боғибаланд сайлов округидан (Самарқанд шаҳар) сайланган вилоят кенгаши депутати, Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси Бадриддин Насриевнинг қайд этишича, Самарқанд туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муайян ишлар қилиняпти. Аммо ҳисоботда қайд этилган айрим рақамлар билан келишиб бўлмайди.
- Партия депутатлик гуруҳимиз томонидан бу борада ўрганишлар олиб борганмиз, - дейди Б.Насриев. - Ўрганишлар давомида бир қатор камчиликлар аниқланди. Мисол учун, “Ёшлар дафтари”дан чиқарилган 4 нафар фуқарога аслида ер ажратилмаган ва рўйхатдан асоссиз чиқарилган.
2021 йил биринчи яримйилликда туманнинг ижтимоий иқтисодий ривожлантириш давлат дастурига киритилган Қуйи Чордара маҳалласидаги маънан эскирган симёғочлар ҳамда трансформаторни таъмирлаш, 2 километр йўлни асфальт қилиш, Ўрта туркман маҳалласидаги симёғочларни алмаштириш ишлари бажарилмаган.
Умуман, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасида ҳисоботлар билан боғлиқ бир қатор чалкашликлар ва муаммоли ҳолатлар мавжуд.
Жумладан, 3-сектор штабидан “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганлар 30 нафар бўлса, ҳудуддаги маҳаллалардаги кўрсаткич 26 нафарни ташкил қилмоқда.
Янгиобод маҳалласида истиқомат қилувчи “Темир дафтар”да турган Рухшона Мусинованинг 3 нафар фарзанди ва оиланинг ногирон аъзоси бор. Хонадонда 24 киши рўйхатда турадиган оила арзон уй-жойга муҳтож бўлса-да, туман ҳокимлигининг уй-жой бўлимида рўйхатга олинмаган.
4-сектор ҳудудидаги Деҳнав маҳалласида ҳам “Темир дафтар” рўйхатида турганлар 8, сектор штабида эса 9 нафарни ташкил қилмоқда. Яъни, сектор штаби маълумотида қайд этилган фуқаро маҳалла маълумотларида йўқ. Ўрганишларда бундай фуқаро Деҳнав маҳалласида яшамаслиги аниқланди.
Секторларда аниқланган муаммоларни сектор раҳбарлари бир ой муддат ичида бартараф этиб, Кенгашга маълумот бериши белгиланди.