Самарқандда кибер жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 бараварга ошган
Энг кўп жиноят Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида содир этилган.
Бу ҳақда кибержиноятларнинг олдини олиш ҳамда аҳолини кибер оламдаги таҳдидлардан хабардор қилишга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Республикамизда жорий йилнинг 1 июлидан 31 июлига қадар “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” (Cyber-month) доирасида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимининг рақамлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ансор Анваров, вилоят ИИБ тезкор қидирув хизмати киберхавфсизлик бўлими бошлиғи Азамат Йўлдошев, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг масъул ходими Шуҳрат Мамадолиев ҳамда ОАВ вакиллари, бошқарма ва ташкилотлар масъуллари иштирок этди.
Дастлаб кибержиноят турлари, кейинги вақтда жиноятчилар томонидан кенг қўлланилаётган фирибгарлик шакллари ҳақида тушунча берилди.
- Кибержиноят қурбони бўлаётганларнинг аксариятини ёшлар ташкил этмоқда, - дейди вилоят ИИБ тезкор қидирув хизмати киберхавфсизлик бўлими бошлиғи Азамат Йўлдошев. – Жумладан, вилоятда кибер жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 бараварга ошган ва алдов қурбони бўлаётганларнинг аксарияти 19-35 ёшдаги фуқаролардир. Ушбу фирибгарликлар асосан уч хил усулда - телефонга махфий код юбориш ёки банк ходими сифатида “смс кодни олиш” натижасида, чет элдан мерос ёки жабрланувчига номаълум шароитда ёрдам бериш, моддий ёрдам, онлайн кредит, ютуқли ўйин ғолиби каби сохта алдов ҳаволалар орқали ҳамда сохта онлайн биржа ва трейдинг орқали амалга оширилган. Хусусан, вилоятда содир этилган кибер жиноятларнинг 40 фоизи Самарқанд шаҳрида 17-35 ёш тофасида, 30 фоизи Каттақўрғон шаҳар, Самарқанд, Паст Дарғом ва Ургут туманларида 35-45 ёш тоифасида, 20 фоизи бошқа туманларда 45 ёшдан юқори ёш тоифасида кузатилган.
Матбуот анжуманида бу каби жиноятларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида тарғибот тадбирларини кучайтириш мақсадида бир қатор танловлар эълон қилингани маълум қилинди.
- Ахборот технологиялари асрида компьютер ва рақамлаштирилган турли хил техникалар ривожлангани сари бундан ғаразли мақсадда фойдаланувчилар ҳам ортиб бормоқда, - дейди Ички ишлар вазирлиги киберхавфсизлик марказининг масъул ходими Шуҳрат Мамадолиев. – Бу каби жиноятлар жабрланувчиларнинг ўз ҳаракатлари натижасида содир этилмоқда. Яъни, ижтимоий тармоқларда осон пул топиш, шахсий маълумотларини ошкор қилиш, банк картаси кодини ҳимояламаслик, телефонига зарарли мобил иловаларни ўрнатиш, ижтимой тармоқларда турли бонусли ва конкурсли ўйинларда қатнашиш бунга сабаб бўлмоқда.
“Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида кибер жиноятларнинг олдини олиш ҳамда огоҳликни ошириш мақсадида «Маҳаллабай» ва «Хонадонбай», таълим даргоҳлари ва барча ҳудудларда интернетдаги таҳдидлардан огоҳлантирувчи тарғибот тадбирларини ўтказиш режалаштирилган. Хусусан, тадбир давомида ёшларни кибертаҳдидлардан сақлаш мақсадида “Энг яхши маҳалла”, “Банк картаси кодини ҳеч кимга бермайман”, таълим муассасаларида “Энг яхши иншо”, “Спортли дастурлаш”, "Энг яхши оммабоп видеоконтент” ва турли челленжлар ўтказилади.
Фазлиддин Рўзибоев.