Вилоятнинг энг фаол нуронийси ким бўлади?

Самарқанд шаҳридаги Ширин шаҳарчасини барпо этиш дирекциясида “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бошланди.

Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган нуронийлар уч шарт бўйича маҳалласида “Бир нуроний - ўн нафар ёшга масъул” тамойили асосида амалга оширган ишларни намойиш этмоқда.

Тадбир аввалида Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Шуҳрат Негматовлар сўзга чиқиб, ушбу танловни ўтказишдан мақсад нуронийларни жамият ҳаётига янада фаол жалб қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшлар тарбиясида кекса авлод вакилларининг тажрибасидан кенг фойдаланиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасида турган ёш оилалар ўртасида барқарор муҳитни вужудга келтириш эканлигини таъкидлади.

- “Бир нуроний - ўн нафар ёшга масъул” тамойили асосида бугунги кунга қадар 7,5 минг нафар ёшлар ишли, касб-ҳунарли бўлди, - деди Ш.Негматов. - Тўрт мингдан зиёд нотинч, ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилди. Айни пайтда бу ишлар давом этмоқда ва бугун мазкур танлов ғолиби бўлган ва ташаббускор нуронийлар тажрибасини маҳаллаларда жорий этиш режалаштирилган.