Путин нефтни "шифт" нархларда сотишни тақиқлади
Россия президенти Владимир Путин “шифт”, яъни чегара нарх қўллайдиган мамлакатлар ва компанияларга нефть етказиб беришни тақиқловчи фармонни имзолади.
Тақиқ 1 февралдан кучга киради ва камида 1 июлгача амал қилади. Шу билан бирга, ҳужжатда истиснолар давлат раҳбарининг махсус рухсати билан амалга оширилиши мумкинлиги таъкидланган.
Декабрь ойи бошида Европа Иттифоқи, G7 давлатлари ва Австралия бир баррел учун 60 евродан юқори чегарани жорий қилди. Шу билан бирга, Россия нефтини денгиз орқали ташиш тақиқланди.
Ушбу қоидани ишлаб чиқиш жараёнидаёқ Россия расмийлари зарарига савдо қилмасликларини таъкидлашди. Шу билан бирга, Владимир Путин Россия бюджети нархлар чегарасидан зарар кўрмаслигини айтди. Бироқ, бош вазир ўринбосари Александр Новакнинг сўзларига кўра, ишлаб чиқаришни 5-7 фоизга қисқартиришга тўғри келиши мумкин.
Ҳозирда Москва газнинг "шифт" нархига жавоб бериш устида ишламоқда: бир ҳафта олдин Европа Иттифоқи февраль ойининг ўрталаридан бошлаб харидлар нархини мегаватт/соатига 180 еврогача чеклашини эълон қилган. Ваҳоланки, бу бугунги спот (битим бўйича тўлов дарҳол амалга ошириладиган ҳисоб-китоб шартлари) нархлардан икки баравар юқори.