Владивостокда ўзбекистонлик фуқаро юрак етишмовчилигидан вафот этди
Россиянинг Владивосток шаҳрида Ўзбекистон фуқароси юрак етишмовчилигидан вафот этди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ТИВ ахборот хизмати.
"Мамлакатимизнинг Владивосток шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси маълумотига кўра, 2019 йил 6 декабрь куни Артём шаҳри (Приморье ўлкаси) шифохонасида Ўзбекистон фуқароси Б.Ғ. юрак етишмовчилигидан вафот этди. У ушбу ҳудудда 2015 йилдан буён қонуний асосда ишлаб ва яшаб келаётган эди", дейилади хабарда.
Бош консулхона Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда марҳумнинг жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва бошқа масалалар билан шуғулланмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ҳамда эслатиб ўтадики, Россиянинг Узоқ шарқий федерал округи (Амур вилояти, Камчатка ўлкаси, Магадан вилояти, Приморе ўлкаси, Саха Республикаси (Ёқутистон), Сахалин вилояти, Яҳудий автоном вилояти, Хабаровск ўлкаси, Чукотка автоном округи) ҳудудида жойлашган фуқаролар зарур вазиятларда мамлакатнинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-423-260-48-00, +7-951-018-70-07.