Саратовдаги ЙТҲда жароҳатланганлар шахси аниқланди. 1 нафари самарқандлик аёл
Аввалроқ, Россия Федерацияси Саратов областида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги, унинг ҳудудий консуллик хизмати ходимлари томонидан воқеага аниқлик киритиш мақсадида ўзаро маълумотлар алмашинувини олиб борди.
Унга кўра, жорий йилнинг 16 январь куни маҳаллий вақт билан соат 08:20 да Россия Федерацияси Саратов области Татишев райони ҳудудидан ўтувчи федерал аҳамиятга эга бўлган Р-158 “Нижний Новгород-Арзамас-Саранск-Исса-Пенза-Саратов” автомобиль йўлининг 580 километрида Полчаниновка аҳоли яшаш пунктидан 30 километр шимолий-ғарбий йўналишда “Волга-ГАЗ-3110” автомобили ҳамда “ҲЮНДАИ” минивен автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Бунинг оқибатида жами 9 нафар фуқаролар тан жароҳати олган. Шулардан, 4 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган. Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, вафот этган фуқароларнинг икки нафари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. Шунингдек, 5 нафар фуқаролар турли даражадаги тан жароҳатлари билан Саратов шаҳар вилоят клиник касалхонасига ётқизилган. Уларнинг 3 нафари ҳамюртларимиз бўлган.
Йўл-транспорт ҳодисаси консуллик хизмати ходимлари томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида ҳалок бўлган ва жабрланган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилди:
Вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:
⚫Болтабоев Нодир, 1979 йилда туғилган (Фарғона вилояти, Қувасой шаҳрида истиқомат қилган).
⚫Собиров Сардорбек, 1997 йилда туғилган (Фарғона вилояти, Боғдод туманида истиқомат қилган).
Тан жароҳати олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:
⚫Муҳаммедова Гулором, 1968 йилда туғилган (Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳрида истиқомат қилади).
⚫Ибатов Суннат, 1989 йилда туғилган (Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида истиқомат қилади).
⚫Баллиев Иса, 1998 йилда туғилган (Қорақалпоғистон Республикаси, Хўжайли туманида истиқомат қилади).
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, вафот этган фуқароларнинг қариндошларига хабар бериш ва жасадларини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК авиатранспорти орқали Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда тан жароҳати олган фуқароларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.