“Volvo” ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотиши оқибатида ўзи ва йўл четида кетаётган 2 нафар қизалоқ ҳаётдан кўз юмди

2020 йилнинг 28 сентябрь куни соат 17:20 ларда Қирғизистон Республикаси фуқароси, 28 ёшли ҳайдовчи Ш.Л. бошқарувидаги «Volvo» русумли (Қирғизистон Республикасига тегишли) юк автомашинасида ЙТҲ содир этди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у Булоқбоши тумани Саноат маҳалласи, Гастрол кўчасидан ўтган «Булоқбош-Андижон» автомашина қатнов йўлининг «Булоқбоши» йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган вақтида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, йўлнинг четида ҳаракатланиб келаётган пиёдалар - 10 ёшли Б.А. ва 3 ёшли К.Н.ни босиб ўтиб, шу ердаги хонадонларнинг бирига бориб урилган. ЙТҲ натижасида пиёдалар Б.А. ва Қ.Н. ҳамда ҳайдовчи Ш.Л.лар вафот этишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Булоқбоши тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши келгуси тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси иш юритувига ўтказилган.