Халқ қабулхонаси демократик институтга айланади(ми?)

Аслини олганда бундан кўп эмас 5 йиллар аввал Қўшработ тумани Бозоржой, Қўролос ёки Нуробод туманидаги Пўлатчи, Жарқудуқ маҳаллаларида бирор ўзгариш бўлишига кўпда умид қилинмас эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сайёр қабуллар йўлга қўйилиши, Халқ қабулхоналари ташкил қилиниши бу каби қишлоқлар одамларида ҳам бахтли яшашга умид уйғотди. Натижада бугун эътибордан четда қолаётган барча қишлоқларга замон нафаси кириб бормоқда.

Каттақўрғон шаҳридаги Ингичка қўрғони ҳам бунга ёрқин мисол бўла олади. Чунки бу ерда мавжуд инфратузилма кўп йиллик эътиборсизлик оқибатида ўта ночор аҳволга келиб қолган. Бу табиийки, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди.

Аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб, массивда 15,2 километр ичимлик сув қувурларини янгилаш, 2 километр ирригация тармоғи қуриш, 4 та сув иншоотини реконструкция қилиш, 5 километр йўлга тош-шағал, 1,7 километр йўлга асфальт қопламаси ётқизиш режалаштирилган. Шунингдек, ҳудудда 3,3 километр пиёдалар йўлаги ва 1 та болалар майдончаси қурилади.

Электр энергияси таъминотини яхшилаш учун 232 та бетон устун, 3 та янги трансформатор пункти ўрнатиш, 3 та трансформаторни капитал таъмирлаш кўзда тутилган. Қўшимча тарзда 12 километр электр тармоғи таъмирланади.

Мисоллар бор, аммо акси ҳам етарли

Шу пайтгача мавжуд муаммо, одамларнинг мурожаатлари асосида талай ибратли ишлар ҳам қилинганини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Мисол учун, вилоят бўйича 28,7 километр тармоқ тортилиб, 11 мингдан зиёд аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Биргина Тойлоқ туманининг Нурли йўл, Хўжаюз, Боғизоғон ва Тўқай маҳаллаларига 4,2 километр ичимлик сув тармоғи тортилгач 3,5 минг нафардан ортиқ аҳоли доимий сув билан таъминланди.

Бундан ташқари, Пайариқ ва Оқдарё туманларини боғловчи Човка қишлоғида янги кўприк қурилди. Нуробод туманидаги Олтинсой маҳалласи Узку қишлоғидан оқиб ўтувчи Эски анҳор канали устидаги кўприк таъмирланди. Умуман, вилоятда 5 та янгидан қурилган ва таъмирланган кўприклар учун 11,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Йўл қурилиши борасидаги ишларга эса бундан қарийб ўн баробар кўп маблағ сарфланган. Хусусан, 116,2 миллиард сўм маблағ асосида 246 километр йўлга қум-шағал, 180,1 километр йўлга асфальт қопламаси ётқизилди.

Аммо ҳамма раҳбар ҳам ишни «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойил асосида ташкил қиляптими? Афсуски, бу саволга “ҳа”, деб жавоб бериб бўлмайди. Негаки, жорий йилнинг 6 ойи давомида вилоят Халқ қабулхонаси биносида биргина Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори томонидан шахсий қабул ўтказилган. Вилоятнинг бошқа бошқарма, ташкилот раҳбарлари бундай ишга ҳафсала қилмаган ёки имкон топмаган.

Энди бепарволик ҳам баҳолаб борилади

Давлатимиз раҳбари томонидан юқорида қайд этилган йиғилишда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бир ҳафтада икки кунни фуқароларни қабул қилишга ажратиши, шунингдек, ҳокимликларда кунлик қабул йўлга қўйилиши белгиланди.

Бундан ташқари, мурожаатларнинг барчаси ягона электрон базада жамланиб, Халқ қабулхоналари ҳар чоракда давлат органларининг очиқ рейтингини шакллантиради. Демак, энди Халқ қабулхоналари чин маънода демократик институтга айланади. Зотан, шу пайтгача мазкур идора орқали юборилган мурожаатларга бепарволик ҳолатлари учраб турарди.

Мисол учун, олинган маълумотларга кўра, вилоят ҳокимлигида 58 та, вилоят прокуратурасида 9 та, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармасида 17 та мурожаатни кўриб чиқиш муддати бузилган ва ижроси таъминланмаган.

Шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари корхонасида 33 та, “Самарқанд сув таъминот” МЧЖда 9 та, “Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖда 3 та, «Самарқанд агрокимёҳимоя» ҲАЖда 3 та, вилоят ўрмон хўжалиги бошқармасида 3 та мурожаат қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилмаган.