Халқ қабулхонасига одамлар ишонадими?
Инсон ҳаётида турли ҳолатлар, вазиятлар бўлиш мумкин. Шундай пайтлар бўладики, тегишли давлат идоралари муаммони ҳал қилмасдан, «судраб» юраверади.
Ана шундай ҳолатларда жойлардаги Халқ қабулхоналари одамларнинг мушкулини енгил қилмоқда.
Жомбой туман Ҳалвойи маҳалласида яшовчи Ш.Юнусов Самарқанд шаҳар Фарҳод шаҳарчаси Ширин маҳалласида жойлашган уй-жойнинг том қисмини таъмирлайди. Бироқ меҳнат ҳақини олишга келганда ҳисоб-китоб қилувчи топилмайди. Нима қилиш керак? Шу масалада боши қотган фуқаро Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, амалий ёрдам сўради. Натижада икки ҳафта муддатда унинг 12 миллион сўм иш ҳақи ундириб берилган.
Умуман, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида Самарқанд шаҳар Халқ қабулхонасига 921 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 581 таси ҳудуддаги ташкилотлар, 330 таси юқори турувчи ташкилотларга юборилган. Мурожаатларнинг 368 таси қаноатлантирилиб, 337 таси бўйича тушунтириш берилган, 216 таси тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда.
Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг аксарияти коммунал хизмат соҳасига тааллуқли. Хусусан, олти ой давомида 123 та уй-жой, 69 таси газ, электр, иссиқлик таъминоти бўйича, 39 та коммунал тўловлар юзасидан мурожаат келиб тушган. Бундан ташқари, мурожаатларнинг 47 таси иш билан таъминлаш, 26 таси соғлиқни сақлаш соҳасига, 55 таси пенсия ва нафақа, 60 таси ички ишлар идоралари фаолиятига, 20 таси прокуратура фаолиятига, 37 таси суд масалаларига оид.
Албатта, жисмоний ва юридик шахслардан тушаётган мурожаатлар тегишли ташкилотлар раҳбарлари томонидан қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши ва ижобий ҳал этилиши Халқ қабулхонаси томонидан доимий назорат қилинмоқда.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳри бўйича ташкил қилинган секторлар ишчи гуруҳлари ишини мувофиқлаштирилиб, жойларда оммавий сайёр қабуллар ташкил қилиб келинмоқда.
И.НЕГМАТОВ,
Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири.