Хатлов бўйича маҳалла масъуллари ўқуви бошланди
Самарқандда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг ҳудудий бошқармалари, туман ва шаҳар бўлимлари масъул ходимлари учун “Маҳалла еттилиги” томонидан уйма-уй юриш орқали маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатни акс эттирувчи кўрсаткичларни шакллантириш мақсадида ўтказиладиган “хатлов” тадбири бўйича ўқув семинари ташкил этилди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев сўзга чиқиб, “еттилик” аъзолари олдида турган вазифалар ҳамда ушбу семинарни ўтказишдан кўзланган мақсад хусусида маълумот берди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “Маҳалла еттилиги” томонидан маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда уйма-уй юриш орқали ижтимоий-иқтисодий ҳолатни акс эттирувчи кўрсаткичларни шакллантириш мақсадида жорий йил 10-25 декабрь кунлари “Хатлов” тадбирини ўтказиш режалаштирилгани қайд этилди. Бу хатлов 2026 йилда ўтказиладиган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишда ўзига хос тайёргарлик вазифасини ҳам ўтайди.

Ўқув-семинарда “Unicon-soft” масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари “Маҳалла еттилиги” томонидан хатлов ўтказишнинг мазмун-моҳияти ҳамда ташкил қилиш тартиби, янги намунадаги “Маҳалла баланси” кўрсаткичлари таҳлили ва маълумотларни шакллантириш босқичлари тўғрисида тушунча берди.
Иштирокчиларга “Рақамли маҳалла” платформасида жорий этилган модуллар ҳамда вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган маълумотлар, “Маҳалла баланси”даги мавжуд кўрсаткичларини “Рақамли маҳалла” платформаси орқали тўлиқ рақамлаштириш механизмлари, платформада жорий этилган “Давомат” ва “Ижтимоий мурожаат” модуллари, маҳалла раиси томонидан муаммоли масалаларни йўналтириш, “еттилик” аъзолари ҳисоботини эшитиш тартиби тушунтирилди. Бундан ташқари, “Рақамли маҳалла” платформасининг мобил иловаси орқали фуқародан келиб тушган мурожаатни йўналтириш ва маълумотларини тизимга киритиш тартиби, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишда “Омбор дафтари”нинг аҳамияти ва уни юритиш тартиби каби муҳим масалалар кун тартибидан жой олди.

“Хатлов” тадбири давомида “Маҳалла еттилиги” томонидан жамланадиган маълумотлар бўйича “Маҳалла баланси” муҳим ҳисобланиб, ушбу баланс ўзида маҳалла ҳақида умумий маълумотлар, яъни бунда маҳалла ташкил топган йил, умумий ер майдони, ихтисослашуви, қўшни давлатлар билан чегара узунлиги, таркибидаги қишлоқлар, кўча, хонадон, оилалар сони, томорқаси бор хонадонлар, шунингдек, демографик кўрсаткичлар, аҳолининг этник таркиби, ижтимоий ҳолати, бандлик, ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар каби муҳим йўналишларни жамлайди. Бир сўз билан айтганда, республика бўйича барча маҳаллалар тўғрисида тўлиқ маълумотлар жамланади ҳамда маҳаллага алоқадор бўлган ҳар қандай ахборотни тез ва осон аниқлаш имкони яратилади.

Икки кун давом этган ўқув-семинарининг иккинчи кунида Самарқанд шаҳридаги Чармгари маҳалла “еттилиги” фаолияти ва тизимда олиб борилаётган ишлар, тажрибалари билан яқиндан танишилди. Шунингдек, Булунғур туманидаги Фозил Йўлдош маҳалласи мисолида “Омбор дафтари”ни юритиш, “Маҳалла баланси”ни шакллантириш ҳамда “Рақамли маҳалла” платформасини юритиш тартиби амалий жараёнларда кўрсатиб берилади.