Хитой компанияси Иштихонда 1 миллиард долларлик маҳсулот тайёрлайдиган корхона қуради
Вилоят делегацияси таркибида Чин ўлкасида бўлиб турган туман ҳокими Ф.Рўзиев қатор манфаатли келишувлар имзоланганини хабар қилди.
Жумладан, “Stone platform" компанияси билан тоғ тошларини қазиб олиш, қайта ишлаш (қиймати 50 миллион доллар) ҳамда "Hydroblok shover systembrochure” компанияси билан барча турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш (қиймати 80 миллион доллар) лойиҳалари устида музокаралар олиб борилмоқда.
- Туманда 6,2 миллион куб тонна тош захираси бор, - дейди Ф.Рўзиев. - Уни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаб, қурилиш материалларига айлантириш бўйича меморандумлар имзоланди.
«NOVA» ассоциацияси «Бир камар - бир йўл» лойиҳаси доирасида Африка ва Ўрта Осиё мамлакатларига инвесторлар олиб бориш билан шуғулланади. Иштихонликлар ассоциация офисида бўлиб, инвестициялар асосида турли мамлакатларда тайёрланаётган маҳсулотлар билан яқиндан танишган.
Мулоқотлар якунида ассоциация раҳбари билан Иштихон туманига Чин ўлкаси инвестицияларини киритиш бўйича битим тузилган. Ассоциацияга 500 дан зиёд корхоналар аъзо эканлиги ҳисобга олинса, тузилган битим иштихонликлар манфаатли бўлиши шубҳасиз.
Хизмат сафари давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида Хитой тажрибасини Иштихонда йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилган.
- Бу борада паррандачилик йўналишидаги корхона раҳбарлари билан мулоқотимиз, айниқса, самарали бўлди, - дейди Ф.Рўзиев. - Чунки ўзаро суҳбат чоғида 100 миллион доллар сармоя киритишни таклиф қилишди. Аҳамиятлиси, лойиҳа доирасида йилига 1 миллиард долларлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.