Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хизмат даврида "сахар" касаллиги орттирган ҳарбийга суғурта пули ундириб берилди

Самарқанддаги бу ҳолат ижтимоий ҳимоя қонун билан кафолатланган ҳуқуқ эканлигини амалдаги исботи бўлди. Аслида инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим вазифаларидан бири.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида ушбу муҳим тамойил ўзининг ҳуқуқий ифодасини топган. Унда шундай белгиланган:

«Ҳар ким қаригaнда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга.

Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас».

Мазкур конституциявий норма ижтимоий ҳимоя шунчаки давлатнинг хайрия ёки ёрдам кўрсатиши эмас, балки ҳар бир инсоннинг кафолатланган ҳуқуқи эканини англатади. Ушбу ҳуқуқни амалда таъминлашда давлат мажбурий суғуртаси ҳам муҳим ҳуқуқий механизмлардан бири ҳисобланади. Бу борада фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилган бир фуқаролик иши эътиборга моликдир.

Хизмат даврида орттирилган касаллик

Даъвогар Жасур Алиев (исм, фамилиялар шартли) 2015 йилдан бошлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ҳарбий хизматчи сифатида хизмат қилиб келган. Хизматни ўташ даврида унда I тур қандли диабет касаллиги аниқланган.

Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий-тиббий комиссиясининг 2023 йил 28 апрелдаги 206/т-сонли гувоҳномасида даъвогарда I тур қандли диабет, ўрта оғир даража, субкомпенсация босқичи ҳамда бошқа тиббий ҳолатлар мавжудлиги қайд этилган. Шунингдек, касаллик ҳарбий хизматни ўташ даврида орттирилганлиги кўрсатилиб, у тинчлик даврида ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирининг 2023 йил 20 августдаги 344-сонли буйруғига асосан Ж.Алиев ҳарбий хизматдан захирага бўшатилган. Бироқ унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар шу билан тугамади. Самарқанд вилояти 67-тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан ўтказилган қайта тиббий кўрик натижасида 2024 йил 4 майдаги маълумотнома билан унга «Ҳарбий хизматни ўташ даврида орттирилган касаллик» сабаби бўйича II гуруҳ ногиронлиги белгиланган.

Ҳужжатларда касалланиш бошланган сана 2024 йил 7 февраль деб қайд этилган. Демак, ногиронлик ҳарбий хизматдан бўшатилганидан кейин бир йиллик қонуний муддат ичида белгиланган.

Амалдаги тартибга кўра, ҳарбий хизматчиларнинг давлат мажбурий суғуртаси бўйича хизматдан бўшатилгандан кейин бир йил мобайнида хизматни ўташ билан боғлиқ ногиронлик белгиланиши суғурта тўловини амалга ошириш учун назарда тутилган асослардан бири ҳисобланади.

Шунга қарамай, суғурта компанияси томонидан фуқарога тегишли суғурта товонини тўлаш рад этилган.

Нега?

«N» суғурта компанияси акциядорлик жамиятининг Самарқанд вилояти филиали 2026 йил 16 июлдаги хати билан суғурта тўловини амалга ошириш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмаслигини билдирган.

Компания жавобида 2024 йил 4 ноябрда давлат рўйхатидан ўтказилган буйруқ билан тасдиқланган Низом талабларига таянган. Шунингдек, компаниянинг врач-консультанти томонидан билдирилган «I тур қандли диабет генетик-наслий касаллик бўлиб, ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ эмас» деган фикр рад этиш учун асос қилиб кўрсатилган. Бироқ бу ҳолатда муҳим бир жиҳат мавжуд эди: ваколатли давлат тиббий ижтимоий экспертиза органи томонидан фуқарога айнан «Ҳарбий хизматни ўташ даврида орттирилган касаллик» сабаби билан II гуруҳ ногиронлиги белгиланган.

Жасур Алиев ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига мурожаат қилиб, суғурта компаниясининг рад жавобини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳамда II гуруҳ ногиронлиги учун қонунчиликда белгиланган миқдорда суғурта товонини ундиришни сўраган.

Суд қандай қарорга келди?

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг жорий йил 13 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби суғурта товонини ундириш қисмида қаноатлантирилган.

Суд қарорига асосан, жавобгар «N» суғурта компаниясидан даъвогар Ж.Алиев фойдасига 18 миллион 480 минг сўм давлат мажбурий суғурта пули ундирилган.

Бундан ташқари, жавобгардан давлат фойдасига 739 минг 200 сўм давлат божи ҳамда Олий суд депозитига 103 минг сўм видео конференц-алоқа харажатлари ундирилиши белгиланган.
Ўқувчида савол туғилиш мумкин, суд қайси асосларга кўра, бундай қарор қабул қилди?

Қайд этиш лозим, Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2024 йил 4 ноябрда 3568-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган буйруғи асосида «Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларнинг, шунингдек махсус унвонга эга бўлган ходимларнинг давлат мажбурий суғуртасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом» тасдиқланган. Ушбу Низомнинг 2-банди «в» кичик бандига мувофиқ, суғурталанган шахс хизматдан бўшатилганидан кейин бир йил мобайнида унга хизматни ўташ билан боғлиқ ногиронлик белгиланган тақдирда суғурта тўлови амалга оширилиши назарда тутилган.

Бунда ногиронлик гуруҳига қараб суғурта тўлови миқдори фарқланади.

Хусусан:

I гуруҳ ногиронлиги бўйича тегишли суғурта тўловининг 75 фоизи;

II гуруҳ ногиронлиги бўйича 50 фоизи;

III гуруҳ ногиронлиги бўйича 30 фоизи тўланиши белгиланган.

Мазкур ишда даъвогарга ҳарбий хизматдан бўшатилганидан кейин бир йиллик муддат ичида хизматни ўташ даврида орттирилган касаллик сабабли II гуруҳ ногиронлиги белгилангани иш ҳужжатлари билан тасдиқланган.

Бундай кафолатларнинг амалда таъминланиши нафақат муайян фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиши, балки давлат томонидан белгиланган ижтимоий ҳимоя механизмларининг самарали ишлаши учун ҳам муҳимдир.

Қонун устуворлиги - инсон манфаатлари ҳимоясининг асоси

Мазкур иш мисолида яна бир муҳим ҳуқуқий масалага эътибор қаратиш лозим. Суғурта ташкилотлари суғурта ҳодисасини кўриб чиқишда тегишли ҳужжатларни ўрганиш, қонунчилик талабларини тўғри қўллаш ва ваколатли давлат органлари томонидан берилган хулосаларни инобатга олишлари шарт.

Албатта, суғурта ташкилоти суғурта ҳодисасининг мавжудлиги ва тўлов учун зарур шартлар бажарилганлигини текшириш ҳуқуқига эга. Бироқ бундай текширув қонунчиликда белгиланган ваколатлар доирасидан четга чиқмаслиги, расмий ҳужжатларга асоссиз шубҳа билан ёндашмаслиги лозим.

Айниқса, инсоннинг ногиронлик ҳолати, унинг сабаби ва хизмат билан боғлиқлиги ваколатли тиббий-ижтимоий экспертиза органи томонидан белгиланган бўлса, ушбу ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо беришда қонунчиликда белгиланган тартибга амал қилиниши муҳим аҳамиятга эга.

Конституциянинг 46-моддасида мустаҳкамланган ижтимоий таъминот ҳуқуқи ҳам айнан шундай ҳолатларда ўзининг амалий аҳамиятини намоён этади. Зеро, қонун билан белгиланган ижтимоий кафолатлар қоғозда қолиб кетмасдан, ҳар бир фуқаро ҳаётида реал натижа бериши керак.

Фурқат Аноров,

фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлов ҳайъати судьяси.