Хонтахта
Мен галдаги маошимдан хонтахта учун пул ажратиб, дам олиш кунларининг бирида уни сотиб олиш учун шаҳарга отландим. Ёғочбозор ёнидаги дўконда ёғоч каравот, хонтахталар қатор тизилиб турарди. Бир хонтахтани танлаб, дўкондор билан нархни келишиб, пулини тўлаб ташқарига олиб чиқдим. Энди бу даҳмазани ортиб, олиб кетишга машина керак эди. Бу ерда оғир буюмлар сотилгани учун «юкхонаси» бор машиналар сон-саноқсиз эди. Мен «юкхонали» машиналардан бирининг олдига бориб, ҳайдовчига ниятимни айтдим.
- Хонтахта олган эдим, шуни уйгача олиб борсангиз...-сўнг манзилни тушунтирдим.
- Ўттиз минг берасан,-деди дабдурустдан бошига марғилон нусха дўппи қўндириб олган, соқоллари ўсиб, ёқимсиз ҳолга келиб қолган ўрта ёшлардаги эркак. Тўғриси, жаҳлим чиқиб кетди-ю, ўзимни босдим. Сўнг босиқлик билан дедим:
- Битта киракаш тўртта йўловчини уч минг сўмдан манзилига олиб бориб ташласа, ўн икки минг сўм бўлади. Уйим шаҳар чеккасида ё туманда эмаску, масофа чиқса ўн километр чиқар, кейин битта хонтахта қанча юк босарди?
- Хоҳласанг шу,-деди қўрслик билан. Уни ҳовуридан туширишга кўзим етмади. Инсофини еб, буткул инсонийликдан чиққан бу ҳайдовчининг олдидан узоқлашиб, ранги униқиб, хира тортиб қолган «Волга»га яқинлашдим. Ҳайдовчи кексароқ киши экан. Кўзойнагини қўндириб олиб, аллақайси газетага кўз югуртираётганди. Очиғи, китоб ё газета ўқийдиган одамларни кўрсам, кўзларим қувониб, дилим яйраб кетади. Шу соҳада ишлаётганим учун ҳам қадримизга етадиган одамларга дуч келганда уларга нисбатан ҳурматим ошиб, яхши кўриб кетаман. Отахон билан сўрашиб, муддаога кўчдим. У мени кўрибоқ, газетани буклаб, йиғиштириб, чеккага қўйди-да, индамай гапларимни тинглади, сўнг йўл кира нархини айтди. Тўғриси, бошим гангиб қолди. Бу одам бояги ҳайдовчи айтган пулдан беш минг сўм ошириб нарх қўйди. Бехос тилимдан шу сўз учиб кетди.
- Раҳмат. Мен сиз айтган пул билан таксида бемалол Тошкентга етиб оламан. Инсофингиз ҳам бор бўлсин-да?-шундай деб, тарвузим қўлтиғимдан тушиб, ортимга ўгирилиб, қадам ташлаган ҳам эдим-ки, кекса ҳайдовчи машина эшигини очиб, ундан тушди.
- Менга қаранг, биродар, таксичилик ҳам мисоли бозордай гап. Мен айтган нархдан хафа бўлиб кетаверасизми? Мен нархни айтдим, сиз бироз камайтиринг. Бозор-да, бу келишсак, кейин айтган манзилингизга олиб бориб ташлайман.
Юрагимда умид учқуни порлаб, тағин унга яқинлашдим.
- Бир савоб иш қилинг, отахон, айтган нархингизнинг ярмини берсам бўладими?
- Унчаликмасда, энди, ёқилғи ҳам кўтарилган. Ҳаво билан юрганда-ку, сувтекинга олиб борардим-а?! Майли, савобдан гап очдингиз, яна «бирор нима» қўшинг.
Мен тағин беш минг сўм қўшдим. Отахон бир нафас ўйланиб турди-ю, қани ортинг хонтахтангизни деб, машина багажидан жой тайёрлашга киришди. Уйга кела-келгунча, отахон билан у ёқдан-бу ёқдан гаплашиб келдик. У қизларини чиқариб, ували-жували бўлганини, нафақага чиққанини, бекор ўтирмаслик учун ҳар замонда машинасини юргизиб, уч-тўрт сўм чой чақа ишлашини айтди. Менга очиғи, бу одамнинг ўзи ҳам, фазилатлари ҳам ёқди. Уни худди раҳматли бувам ўрнида кўриб кетдим.
- Худо ўғил бермади. Лекин ўғил набираларнинг ҳисоби йўқ. Улар уйга келганда бағрим тўлиб қолади. Мана шу сиз, йўловчилар берган пулларга уларга атаб ширинликлар, кийим-бош ва бошқа буюмлар харид қилиб, келганида улашаман. Ҳа, ҳаёт шу экан, биродар...
Отахон мени уйгача келтириб, хонтахтани машина юкхонасидан олиб туширгач, унга мўлжалдаги пулни бердим. У синчиклаб, минг сўмликларни шошилмай санади-да, пулдан беш мингини ажратиб, ўзимга қайтарди. Мен ҳайрон бўлдим. Чунки у олаётган пул дастлаб мен қўйган нархга тенг эди.
-Уйлангансиз-а, сездим. Янги оилали одамсиз. Менга нафақам ҳам етиб ортади. Кейин савобдан гап очдингиз. Бунда хосият катта.
Кекса ҳайдовчи «Волга»сини ҳайдаб кетгач, мен хонтахтани уйга олиб кирдим. Шу куни кечгача кайфиятим кўтарилиб юрдим.
Умид АЛИ.