Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Иқлим ўзгариши зарари ҳажми айтилди. Жаҳон мудофаа харажатлари тарихий рекордда
🔹 Олимлар 2049 йилга келиб иқлим ўзгариши глобал иқтисодиётга йилига 38 триллион доллар зарар келтириши мумкин деган хулосага келишди. Жаҳон иқтисодиёти 19 фоизга қисқариши мумкин. Йўқотишлар глобал исиш суръатларини пасайтириш харажатларидан олти баравар кўп. Агар чоралар кўрилмаса, оқибатлари ҳалокатли бўлади. Асосий таҳдид – денгиз сатҳи кўтарилиши, қурғоқчилик, табиий офатлар ошишидир.
🔹 АҚШ Конгресси Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиш лойиҳасини маъқуллаганидан сўнг айрим фаоллар ва АҚШнинг таниқли мусулмон ташкилот етакчилари президент Жо Байденни бўлажак президентлик сайловларида қўллаб-қувватламаслиги маълум бўлди. Улар Байденнинг Конгресс орқали ўтаётган Исроилга ёрдам пакетини имзолаши мумкинлигини "қайтмас нуқта" ва "мутлақ фалокат" деб аташмоқда.
🔹 Жаҳон мудофаа харажатлари тарихий рекордга етди. Ҳисоботга кўра, 2023 йилда улар 2,443 триллион долларга етган. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 6,8 фоизга кўпдир ва ўсиш 2009 йилдан бери энг юқори. Бунда бешта давлат - АҚШ, Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Саудия Арабистон харажати энг юқори бўлиб, уларда жаҳон ҳарбий харажатларининг 61 фоизини ташкил қилган.
🔹 АҚШнинг янги ёрдам пакети туфайли Украина Қуролли Кучлари Россия билан можарода ғалаба қозониш имкониятига эга бўлади, дейди Украина президенти Владимир Зеленский. Олдинроқ АҚШ Конгресси Украинага янги 61 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини маъқуллаганди.
🔹 Президент Анжей Дуда Польша ҳудудида Америка ядровий қуролларини жойлаштиришга рози. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Польша урушдан олдинги ҳолатда эмас ва у масъулият билан тутиб туриш сиёсатини амалга оширмоқда.
🔹 Эрон президенти Раисий покистонлик ҳамкасби Зардорий таклифига биноан илк давлат ташрифи билан Покистонга борди. Бу икки давлат муносабатлари мустаҳкамланаётганидан дарак беради демоқда сиёсатчилар.
🔹 Арманистоннинг Тавуш вилоятидаги Киранц қишлоғи яқинидаги йўлни тўсиб қўйиш учун махсус кучлар юборилди. Киранц томон йўл олган махсус кучлар норозилик билдираётган маҳаллий аҳолига қарши куч ишлатишга тайёр. 19 апрель куни Ереван Боку билан чегаранинг алоҳида участкалари бўйича келишувни эълон қилганди. Унга кўра, 4 та қишлоқ Озарбайжон тасарруфига ўтган.
🔹 Эквадорда жиноий тўдалар зўравонлигига қарши янада қатъийроқ чоралар кўриш бўйича референдум ўтказилди.