Хорижда ишламоқчимисиз?

Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида айни шу масалада меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Ярмарка вилоят ҳокимлиги, Миграция агентлиги ҳамда Хусусий бандлик агентликлари уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилди. Унда 20 га яқин хусусий бандлик агентликлари ва хорижий иш берувчи компаниялар иштирок этди. Улар хорижда расмий ва қонуний иш ўринларини топишда кўмаклашиш, ҳуқуқий асосда ишга жойлашиш имкониятлари ва маош таклифлари ҳақида маълумотлар тақдим этди.

Ярмарка қатнашчилари Болгария, Германия, Жанубий Корея, Мўғулистон, Словакия, Туркия, Хорватия ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларга қонуний меҳнат миграциясини амалга ошириш тартиб-таомиллари, талаб этиладиган ҳужжатлар, расмий меҳнат шартномалари ва давлатлараро келишувлар ҳақида маълумотларга эга бўлишди.

Миграция агентлиги ва хусусий бандлик агентликлари мутасаддилари томонидан хорижда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари, халқаро нормаларга мос кафолатлар ҳақида маълумотлар тақдим қилинди.

Тадбир доирасида хорижда ишлаётган ватандошлар тажрибаси, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси, муаммоларнинг олдини олиш йўллари бўйича амалий маслаҳатлар берилди.