“Ядровий ҳужумга тайёрланинг”: 60 йил аввал дунё қандай қилиб учинчи жаҳон уруши ёқасига келиб қолган эди?
Бундан 60 йил муқаддам, 1962 йилнинг октябрида Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларидан қутулишга улгурмаган инсоният яна глобал можаро ёқасида, бу сафар бутунлай бошқача тартиб қаршисида қолди. Қўшма Штатлар СССР Кубада бир неча дақиқада Америка ҳудудининг исталган нуқтасини нишонга олишга қодир ядровий ракеталарни жойлаштирганини аниқлади. Вашингтон генераллари қатъий жавоб беришга чақиришди: Кубага кенг кўламли бостириб кириш ва оролдаги совет позицияларини йўқ қилиш. Москва, шунингдек, америкаликлар билан ядро урушигача бўлган энг салбий сценарийга тайёрланаётган эди. Дунё фалокатдан бир қадам нарида турарди.
Янги куч
АҚШнинг Флорида штатидан атиги 180 километр узоқликда жойлашган Куба узоқ вақтдан бери АҚШнинг кучли таъсири остида эди. 1950 йилларда, Фульхенсио Батиста ҳукмронлиги даврида у мисли кўрилмаган даражага етди: америкаликлар иқтисодиётнинг барча муҳим тармоқларини назорат қилар ва мамлакат «тақиқларсиз дам олишни» хоҳловчи бадавлат АҚШ фуқаролари учун "Америка фоҳишахонаси"га айланди. Бу ҳолат кўпчилик кубаликларга ёқмасди ва 1959 йилда Фидел Кастро бошчилигидаги инқилобчилар Батиста режимини ағдариб ташлашга муваффақ бўлишди.
Кубанинг янги раҳбари радикал қадам ташлади: ўзининг биринчи фармони билан хусусий мулкни бекор қилди ва америкаликларга тегишли барча ер ҳамда корхоналарни миллийлаштирди. Бу ҳолат, кутилганидек, Қўшма Штатларга ёқмади. Вашингтон Куба билан савдо-сотиқни тақиқлади ва дипломатик алоқаларни узди. Кариб денгизи минтақасидаги танглик ўсишда давом этди ва 1962 йил бошида кескин нуқтага етди: январь ойида Куба Америка Давлатлари Ташкилотидан чиқариб юборилиб, уни қўшни давлатлар қўллаб-қувватлашидан маҳрум қилди. Кўп ўтмай орол давлатига қарши тўлиқ эмбарго жорий этилди.
"Америка қирғоқлари яқинидаги коммунизм"
Куба ҳукумати ўзининг танг аҳволини тушуниб, АҚШнинг асосий рақиби - Совет Иттифоқидан ёрдам сўрашга қарор қилди. Ўша вақтга келиб, мамлакатлар ўртасида жуда яқин алоқалар ривожланди, бу асосан мафкуравий яқинлик билан таъминланди: Кастро ҳукуматга келганидан сўнг, СССРда ҳатто мамлакат номи ҳазил билан "Америка қирғоқлари яқинидаги коммунизм" деб аталди.
СССР Кубани Америка чегараларидаги «пости»га айлантиришидан Қўшма Штатлар қўрқиб турган бир пайтда, 1960 йилда оммавий ахборот воситаларида совет қуролларининг оролга ўтказилиши ҳақида маълумотлар тарқалди. Москва "Биз ҳеч қаерга ракета улоқтирмоқчи эмасмиз, биз тинчлик тарафдоримиз ва ҳеч кимга таҳдид қилмаймиз", дея уларни рад этди.
Етиб олинсин ва қувиб ўтилсин
Кариб денгизидаги кескинлашув билан бир вақтнинг ўзида Қўшма Штатлар ва СССР ўртасидаги танглик ҳам кучайди. Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг, собиқ иттифоқчилар ўртасидаги муносабатлар адоватга айланди. Икки қудратли давлатни тўғридан-тўғри тўқнашувдан сақлаган ягона нарса бу – иккаласида ҳам ядро қуроли борлиги эди. Шу сабабли, капиталистик ва коммунистик тизимлар ўртасидаги анъанавий уруш ўрнига совуқ уруш ва қуролланиш пойгаси авж олди.
Вазият 1961 йилда Қўшма Штатлар Туркиянинг Измирь яқинида СССРнинг Европа қисмига бир неча дақиқада етиб боришга қодир ўрта масофали ракеталарини жойлаштира бошлаганида кескинлашди. Кучлар мувозанати бузилди. Москва ядровий тенгликни тиклаш қатъий жавобни талаб қилишини тушунди.
Махфий «Анадир» операцияси
Совет раҳбарияти АҚШнинг Кубага бостириб кириши вақт масаласи эканлигига ишонч ҳосил қилди. Москва қатъий ҳаракат бошлади ва Никита Хрушчев таъбири билан айтганда, "америкаликлар шимига кирпи қўйди". 1962 йил 21 майда Совет раҳбари иттифоқчи мамлакатни Америка таҳдидидан ҳимоя қилиш учун Кубага ядровий ракета ва ҳарбий контингент юборишни таклиф қилди. Бош штаб «Анадир» операциясини ишлаб чиқди, унинг доирасида Кубага 44 минг ҳарбий хизматчидан иборат ҳарбий контингент, 200 га яқин ядровий қуролли ракеталар етказиб бериш режалаштирилган эди.
Сир фош бўлди
1961 йилдаги муваффақиятсиз аксилинқилобий уринишдан сўнг, АҚШ Куба устидан мунтазам равишда разведка парвозларини амалга оширди ва Марказий разведка бошқармаси Америка самолёти томонидан Сан-Кристобал ҳудудида олинган совет баллистик ракеталари суратларини қўлга киритди.
16 октябрь куни бу ҳақда Кеннедига хабар беришди. Кеннеди махсус инқироз гуруҳини чақирди, унинг аъзолари дипломатиядан воз кечиб, Кубага тўлиқ миқёсда бостириб кириш ва Совет ракета позицияларига зарба бериш чораларини таклиф қилди. Муҳокамалар бир неча кун давом этди.
Куба "карантин"и
20 октябрда Кеннеди Кубага денгиз блокадаси эълон қилди. Икки кун ўтиб, Америка президенти халққа тегишли мурожаат билан чиқди, аммо мурожаатнинг асосий «нишони», албатта, Москва эди.
Кеннеди Қўшма Штатлар Кубада совет ракеталарини топиб, ҳужум қуролларини етказишни тўхтатиш мақсадида 24 октябрдан орол атрофида 500 миллик карантин зонасини эълон қилганини айтди. Кариб денгизига юборилган АҚШнинг 180 та ҳарбий кемасига Кубага йўл олган ҳар қандай самолёт ва кемаларни тўхтатиш буюрилди.
Бўрон ҳақида огоҳлантириш
Совет ҳукумати Кеннедини “мисли кўрилмаган агрессив ҳаракатларда” айблаб, Куба «карантин»и ҳақидаги қарорини кескин қоралади. "Америка Қўшма Штатлари бундай «авантюра»га киришиб, жаҳон термоядро урушини бошлаш йўлида қадам ташлаётганини барча мамлакатлар аниқ тушуниши керак", дейилди баёнотда. Шундай қилиб, Совет қўшинлари юқори жанговар шай ҳолатига келтирилди.
Норасмий каналлар
24 октябрь куни АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари стратегик ҳаво қўмондонлиги ядровий ҳужумга тайёргарлик кўриши бўйича Бирлашган штаб бошлиқлари буйруғини Бош разведка бошқармаси (ГРУ) қўлга киритди. Юзма-юз мулоқотни мураккаблаштирган кескинлик кучайгани боис у норасмий каналлар орқали ўтказила бошланди. Президентнинг укаси Роберт Кеннеди «Chattanuga Times» газетасининг Вашингтондаги мухбири Чарльз Бартлеттдан «Soviet Life» муҳаррири, аслида ўзига яхши таниш ГРУнинг махфий полковниги Георгий Большаков билан учрашишни сўради.
24 октябрь куни бўлиб ўтган учрашувда Бартлетт Большаковга Қўшма Штатлар Кубада жойлашган совет ракеталари ҳақида аниқлик киритишни хоҳлаши ва вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишдан манфаатдор эканини айтди. Ўша куни журналист ва разведка ходими ўртасида яна бир учрашув бўлди, унда Бартлет ушбу келишувга Америка қарашларини баён қилди: «Америка ракеталарини Туркиядан олиб чиқиш эвазига СССР ҳам Кубадан олиб чиқади».
26 октябрь куни Хрушчев Кеннедига янги хат ёзди, унда у биринчи марта совет ракеталари жойлаштирилганини очиқ тан олди. Шунингдек, у АҚШ Кубага ҳужум қилмаслик кафолати ва Америка ракеталарини Туркиядан олиб чиқиб кетиш эвазига қурилмалар демонтаж қилинишига ваъда берди.
"Қора шанба"
Бироқ, кескинлик ўсишда давом этди. Вашингтон ва Гавананинг разведка ҳамда ҳарбий атташелари бирин-кетин «АҚШ яқин кунларда Кубага бостириб киришга тайёр»ланаётгани ҳақида Москвага хабар беришди. Кастро ҳам худди шундай хавотир билдирди. 27 октябрь куни Совет ҳарбийлари Куба узра учиб кетаётган Американинг разведка U-2 самолётини уриб туширгач, вазият таранглашди. Вашингтон «Қирғий»лари Кеннедини Кубага бостириб киришга, Кастро эса Хрушчевни АҚШга олдини олувчи зарба беришга ундар, дунё ядро уруши ёқасида турар эди.
Аммо икки қудратли давлат раҳбарлари тинчликни танлашди. 27 октябрдан 28 октябрга ўтар кечаси Роберт Кеннеди Совет элчиси Анатолий Добринин билан учрашди. Президент укаси Америка раҳбарияти Кубага ҳужум қилмаслик кафолатини бериши ва социалистик республикадан денгиз блокадасини бекор қилишга тайёрлигини айтди. Совет дипломати Туркиядаги Америка ракеталари тақдири билан қизиққанда, Кеннеди Вашингтон бу масалада ҳам ён беришга тайёрлигига ишонтирди. АҚШ президенти ҳам СССРга келишув тафсилотлари ҳақида хабар юборди. Совет раҳбарияти рози: эртаси куни Хрушчев КПСС Марказий Қўмитаси Президиуми йиғилишини чақириб, дарҳол Кубадан СССРнинг ракеталарини олиб чиқиш ҳақида эълон қилди. Тез орада Гаванага буйруқ келди: қурилмаларни демонтаж қилиш бошлансин. 20 ноябрь куни Кеннеди Кубанинг денгиз блокадаси бекор қилинганини эълон қилди. КПСС Марказий Қўмитасининг пленумида сўзга чиққан Хрушчев америкаликлар билан эришилган келишувларни Москванинг ғалабаси сифатида тақдим этди.
Яна ядровий уруш ёқасида
60 йилдан сўнг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланиши билан кучайган Россия ва Қўшма Штатлар ўртасидаги қарама-қаршилик беихтиёр Кариб инқирози тажрибасини эслашга мажбур қилади. Россия раҳбари Владимир Путиннинг давлат ҳудудини барча мавжуд воситалар билан ҳимоя қилишга тайёрлиги ҳақидаги сўнгги сўзлари Ғарбда ядро қуролидан фойдаланиш таҳдиди сифатида қабул қилинди. Замонавий тарихда бундай истиқбол муҳокамаси биринчи марта фақат назарийгина бўлиб қолмаяпти.
Кариб денгизи инқирози юбилейидан сал олдин АҚШ президенти Жо Байден бугунги воқеалар ва ўтмишдаги ларзалар ўртасида ўхшашликни кўрсатди: унинг сўзларига кўра, 60 йил ичида биринчи марта дунё яна ядро армагеддони арафасида. Қайсидир маънода, вазият 1960 йиллардагидан ҳам хавфлироқ: ўша пайтда атом қуроли қанчалик ҳалокатли эканлиги ва оммавий қирғин уруши даҳшати (Хиросима ва Нагасаки) хотираларда ҳали янги эди. Ҳозир тарихнинг ўша қора саҳифаларининг тирик гувоҳлари деярли йўқ ва зўравонликдан фойдаланиш остонаси 60 йил олдингига қараганда кенг. «Ядро урушида ғолиб йўқ» деган сўзлар Москва ва Вашингтондан баралла эшитилса-да, гап уларнинг ўзлари бунга ишонишида.
Гулнора Холдорова тайёрлади.