Янги Меҳнат кодекси: огоҳлантиришсиз ишдан бўшаш ёки бўшатиш мумкин эмас

Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддатларига риоя қилиш ходим учун ҳам, иш берувчи учун ҳам муҳим талабдир. Унга риоя қилмаслик эса турли низоли ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлади.

Айтиз жоизки, баъзи фуқаролар огоҳлантириш хатини олмасам, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қила олмайди, деб ўйлайди. Аслида огоҳлантиришда ходимнинг имзоси бўлмаган тақдирда ҳам иш берувчи ходимнинг белгиланган муддатда огоҳлантириш билан таништирилгани, лекин ходим имзо қўйишдан бош тортгани ҳақида ишонарли далиллар келтирса, суд ходимни ўз вақтида огоҳлантирилган деб топиши мумкин.

Ўз навбатида ходим ҳам ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилаётганда, 14 календарь кунлик ёки иш берувчини огоҳлантиришнинг бошқа муддатларига қатъий риоя этиши лозим. Агар огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ва якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар давом этаётган бўлса, меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш ҳақидаги ариза ўз кучини йўқотади, меҳнат шартномасини ушбу аризага мувофиқ бекор қилишга эса йўл қўйилмайди.  Шунингдек, агар ходим меҳнат шартномасини унинг амал қилиш муддати тугаганлиги муносабати билан бекор қилишга қарор қилган тақдирда, иш берувчини меҳнат шартномаси бекор қилингунига қадар камида 3 календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак.

Дастлабки синов муддатида муддат шунча. Яъни, у тугагунига қадар тарафларнинг ҳар бири иккинчи тарафни камида 3 кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли. Бу муддатни қисқартиришга фақат шартнома тарафларининг келишуви билан йўл қўйилади.

Қонунчиликка кўра, меҳнат шартларининг келгусидаги ўзгариши ҳам огоҳлантириш асосида амалга оширилади. Кодексга кўра, иш берувчи меҳнат шартларининг келгусидаги ўзгариши ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма шаклда, имзо қўйдириб огоҳлантириши шарт. Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра йўл қўйилади.

Бу тартиб, турли ташкилотларда турлича. Жумладан, иш берувчи бўлган микрофирма ходимни меҳнат шароитларининг ўзгариши тўғрисида камида 1 ой олдин ёзма равишда хабардор қилиши керак. Якка тартибдаги тадбиркор ва иш берувчи бўлган жисмоний шахс огоҳлантиришни 14 календарь кун олдин беради.

Наргиза НУРНАЗАРОВА,

Самарқанд шаҳар адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.