Японияда йирик тўфон кузатилмоқда: 264 та авиарейс бекор қилинган

Мамлакат жанубига ўта кучли 6-рақамли "Канун" тўфони яқинлашиши сабабли душанба ва сешанба кунлари камида 264 та рейс бекор қилингани ҳақида NHK хабар берди.

Тўфон жануби-шарқдан Япониянинг энг жанубий Окинава префектураси ороллари ва Кагосима префектурасининг Амами архипелагига қараб ҳаракатланмоқда. Сешанба ва чоршанба кунлари шиддатли шамол йирик бошқа оролларга етиб бориши кутилмоқда.

JAL (Japan Airlines Corporation) душанба куни Окинава ва Кагосима префектураларига учиш ва қўниш билан 67 та рейсни бекор қилган. ANA (All Nippon Airways) душанба куни ушбу йўналишдаги 73 та рейсни ва сешанба куни яна 124 та рейсни бекор қилганини эълон қилган.

Кун давомида бекор қилинган рейслар сони ортиши кутилмоқда.

Ҳозирда "Канун" тўфони кучли деб баҳоланмоқда, шамол тезлиги секундига 40 метр, кечга яқин бундан ҳам кучайиши башорат қилинмоқда.