Яшариш ва яшнаш айёми
Ўзбекистон мустақиллиги арафасида мамлакатимизда миллий қадриятларимизнинг бебаҳо намунаси бўлган Наврўз байрами кенг нишонлана бошланди. Бу ўз даврида мисли кўрилмаган жасорат эди. Мана, 30 йилдан буён Наврўз Ўзбекистонда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
2009 йил 30 сентябрда Наврўз ЮНЕСКО тарафидан номоддий маданий мерос сифатида рўйхатга киритилди. 2010 йил 23 февралда эса БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида 21 март “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилинди. Бундан албатта, Марказий Осиё халқлари қалбида ифтихор туйғуси жўш ургани, шубҳасиз. Негаки, Наврўз байрамининг моҳияти азалдан умуминсонийлик ғояларига йўғрилганлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, бу байрам қанчалик қадимий бўлмасин, замонлар ўтган сайин инсоният қалбида шунчалик янгича илҳом, куч ва иштиёқ уйғотади. "Бу байрам халқнинг тозалик ва хурсандчилик кунидир", деганида ҳақ эди элшунос олим Маҳмуд Қошғарий.
Дарҳақиқат Наврўз шарқона янги йилнинг биринчи куни сифатида Эрон, Турон замини, ҳозирги Озарбайжон ва Русиянинг туркий халқлари орасида кенг нишонланади. Бу байрамни ҳеч иккиланмасдан меҳр-оқибат, ширинсуханлик ва энг асосийси - бирдамлик байрами дейишимиз мумкин.
Марказий Осиё олимлари томонидан бу қутлуғ байрамнинг қачон пайдо бўлгани хусусида турли мулоҳазалар билдирилган. Атоқли олим Ходи Зариф Наврўзи оламнинг ёшини 3000 йилдан кўпдир, деб ҳисоблаган. Наврўз келиб чиқиши жиҳатидан "Авесто" замонига бориб тақалиши ҳам алоҳида қайд этилган. Х аср олими Наршахий бухороликларнинг Наврўзи ва бу кунларда деҳқонлар айтадиган қўшиқлар ҳақида ёзар экан, бу гапларнинг бўлиб ўтганига 3000 йилдан кўп вақт ўтди, дея қайд этади. Абу Райҳон Берунийнинг "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" асарида Эрон, Сўғд ва хоразмликларнинг Наврўзни қандай нишонлашлари борасида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. Унда қайд этилишича, бу куни Жамшид подшо бўлиб, тахтга ўтирган. Ҳикоя қилинишича, у ўзига шоҳона тахт ясаттириб, бошига тож кийганча, тахтга чиққанида, шу пайт қуёш ҳар галгидан ёрқинроқ нур соча бошлабди. Офтобнинг заррин нурлари Жамшиднинг тожу-тахтини мунаввар қилибди. Хоразмда эса Наврўз Сиёвуш авлодларининг бу ҳудудга кўчиб келиб ўрнаша бошлаган давридан бери нишонланиб келинган. Алломанинг бу маълумотига эътибор берадиган бўлсак, демак Хоразмда Наврўз Зардўшт ибн Сафиддан яна минг йил аввал нишонлана бошланганини англаш мумкин.
Хоразмликларнинг удумига кўра, қадимда Наврўз кирадиган кун арафасида ёшуллилар бир идишга ҳар хил мева ҳамда нозбўйгулларни солиб, хоннинг олдига бориб: "Эртага Наврўз киради, шуни халққа маълум қилишга ижозат беринг", дейишган. Хон ижозат бергач, жарчилар "Наврўз кирди!" деб одамларни байрамдан дараклаганлар. Хоразмликлар Наврўз куни пайдо бўлган камалакка сув сепганлар. Бу одат ҳозир ҳам сақланиб қолган.
Наврўз шодиёналарига ҳамоҳанг тарзда неча минг йилдирки, сумалак сайиллари ҳам давом этиб келади. Бироқ Шўролар даврининг 70-80-йилларида сумалак сайли эскилик сарқити сифатида қораланиб келинди. Ҳатто комфирқа яловбардорлари тазйиқи билан маҳаллаларда сумалак тайёрлаш, байрамни нишонлаш қаттиқ таъқиқлаб қўйилди.
Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида манба сифатида бир ҳадисни келтириб ўтади. Бу ҳадис қанчалик саҳиҳлиги мен учун қоронғи. Бироқ аллома келтирган маълумотга кўра, Наврўз куни пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ҳолва солинган кумуш жом ҳадя қилганлар. Шунда хотам-ун-набий ҳазратлари "Бу нима?" -деб сўраганлар. "Наврўз!" деб жавоб берилган. Пайғамбар алайҳиссалом яна сўраганлар: "Наврўз нима ўзи?". "Эронликларнинг улуғ ҳайити", дейишган ҳадя келтирган саҳобалар жавобан. Шунда Расулуллоҳ: "Тўғри, бу шундай бир кунки, Худо бунда "аскара"ни тиргизган (жонлантирган)", дея лутф этганлар. Манбаларда таъкидланишича, аскара - қаҳатчилик ва қийинчиликдан қўрқиб Тангридан паноҳ сўраган мингларча кишилардир. Уларга Аллоҳ "Ўлинг!" деган, сўнгра уларни Наврўз кунида қайта тиргузиб, руҳларини ўзларига қайтарган. Тангри осмонга буюрган, осмон уларнинг устларига ёмғир ёғдирган. Шунинг учун одамлар Наврўз куни сув сепишни одат қилганлар. Кейин Расулуллоҳ ҳолвани еб, жомни суҳбатдошларига тақсимлаб берган ва: "Кошки биз учун ҳар кун Наврўз бўлса!" деганлар.
Мир Алишер Навоийнинг "Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг Наврўз ўлсин", мисралари айнан ана шу ҳадисга уйқаш оҳангдир.
Замонлар ўтган сайин қадимий Наврўз шодиёнаси анъанаси янгича руҳда сайқал топиб бораверади. Эндиликда бу байрам янги шарқона йилнинг биринчи куни, янги фасл ва деҳқончиликнинг дебочаси ҳамда меҳр-оқибат, хайр-саховат тадбири сифатида кенг нишонланмоқда. Бу кунларда одамлар бир-бири билан дийдорлашадилар, совғалар ҳадя қиладилар, қариялар, касалманд, меҳрга муҳтож кишилар ҳолидан хабар оладилар. Зеро, Наврўз кишилар бир-бирини авайлашга, ҳурмат қилишга ундар экан, моҳиятан у фақатгина Шарқ халқлари байрами эмас, балки эзгуликка талпинувчи бутун башарият байрамидир.
Эрпўлат БАХТ.