Яхшилик қилиш мажбурият эмас

(Таниқли журналист Аҳмаджон Мухторовни эслаб)
Аҳмаджон аканикига ёзган ижод намуналаримни кўрсатгани олиб бориб турардим. Зийрак, камтар бу одамнинг донишмандона чуқур мулоҳазалари қалбимни ҳайратга соларди. Ўша даврда у киши бош муҳаррир бўлган «Ленин йўли» нашри вилоят, республика миқёсида жуда ҳам катта обрў-эътиборга сазовор эди. Шундай мавқега эга бўлсалар-да у киши шу қадар хокисор эдиларки, сал дилкаш суҳбатдан сўнг гўёки тенгдош дўстингизга айланиб қолардилар.
Ҳар гал у кишиникига қараб йўлга тушганимда ўз-ўзимча уялардим, чунки жуда ҳам ночор аҳволда, камбағал яшаганимиздан устимдаги кийим-бошнинг «суроби» йўқ эди. Сарғич тусли эски костюм-шимим тўхтовсиз ювилаверганидан, дазмолланаверганидан сира текис, силлиқ бўлмас, оёғимдаги қора туфлим оёқостида ётган эски калишга ўхшарди. Бир борганимда унинг боғичини еча олмай хўб сарсон бўлгандим.
Бу имконсиз, ночор аҳволимни катта ҳаёт тажрибасига эга Аҳмаджон ака тўғри тушунар, оилавий шароитимгача биларди.
...Бир бозор куни уйларига борсам, Аҳмаджон аканинг димоқлари чоғ, кайфияти аъло. Роса мириқиб суҳбатлашдик ва шу чоғ нохосдан ёнимизга аёллари келиб қолди.
- Э, айтмоқчи, менга қара, онаси, - янгага юзландилар. – Анови жавонда турган қора костюм-шимни келтир бу ёққа. Менга торлик қилди, дўхтирга бер, бир кийиб кўрсин-чи. Анови қора туфлини ҳам келтир, уям тор, оёғимни қисди. Дўхтирга лойиқ келса керак.
Аъзои-вужудим титраб, бижирлаб кетди, қалбим оппоқ бўлиб ёришди.
Аҳмаджон аканинг аёллари катта бир оқ тугун келтирдилар-да оҳиста ёнимга қўйдилар.
- Бу сизга! Акангиз айтган ҳамма нарса шунинг ичида. Ёнига тўртта янги пайпоқ ҳам қўшдим, чопқиллаб кийиб юрасиз, ҳаммаси янги, қуллуқ бўлсин!
Яна ҳаяжонга тушдим.
Аҳмаджон Ғуломовичнинг эрталабдан кайфияти яхшилиги бежиз эмасди. У киши одамларга яхшилик қилиб, қувонч улашишни яхши кўрарди. Тугунчанинг, эр-хотин келишувига кўра, уйларига келишимдан олдинроқ тайёрлаб қўйилганлигини сездим.
Ҳа, бировларга яхшилик қилишдан қувонадиган одамлар кўп ҳаётда. Ҳа, яхшилик қилиш улуғлар айтганидек мажбурият эмас, бу – қувонч! Инсон қалбини англаш ва тушунишдир! Инсоний энг олий чўққи ҳам худди шу ерда: «Мен – сенман, сен –менсан». Хижолатдан эмранганимча кўнглим бузилиб, кўзларим ёшга тўлиб Аҳмаджон аканинг ўта раҳмдил чеҳрасига қарадим. У киши маънан отамдек бўлиб қолгандилар...
- Хижолат чекманг, бахтли кунларингиз олдинда ҳали. Ёшсиз. Ёшларнинг бахти шундаки, уларнинг қўлида келажак бор! Мен газетада иш бошлаганимда оёғимдаги мана бу «тапичкам» «таксим» эди...
Кўнглим бузилиб, томоғимга нимадир тиқилди. Ўзимча суюниб, ич-ичимдан йиғлардим унсиз. Танамни илоҳий бир қудратли куч далдакор суярди, гўёки ногиронни ҳассаси суягандек. Буни унутиб бўладими? Гап тугунча ичидаги туҳфаларда эмас асло. Гап дардларимни тушунадиган, англай оладиган инсонни Тангри ғойибдан яратганида ва уни менга фариштадек дуч этганида эди. Худонинг ана шу тирик фаришталари гирдимда, ёнимда туришарди. Уйимга келгунимча кўз ёшларимни тия олмадим. Шодлигимнинг чеки, чегараси йўқ эди.
...Ўша Аҳмаджон Ғуломович Мухторов совға қилган табаррук қора костюм-шим, туфлини асраб, авайлаб, эҳтиётлаб ҳали-ҳалигача кияман...
Аҳмаджон аканинг ўйчан чеҳраси, қалам ўрни билиниб турадиган бармоқлари кўз ўнгимда доим. Ҳа, буларни унутиб бўлмайди?
Айтгандай, А.Мухторовнинг газета ҳақида айтган, ёзган гапларини ён дафтаримга қайд қилиб қўйганман. Шуни Сизларга илиндим:
Газета – оқ дастурхон. Ундаги неъматларнинг ҳаммаси халқники. Покиза, бегард улар. Шу сабаб ҳам, газетага оқ кўнгил, оппоқ, покиза қалб билан қўл узатмоқ лозим.
***
Оппоқ газетага нопок, нотоза, исқирт нарсаларни ўраш гуноҳдир.
***
Газета – инсоннинг тафаккур маҳсули, китобдан-да улуғроқдир, сабаби, у муттасил янгиланиб, жозибаланиб туради.
***
Газета – тафаккур, Яратганнинг руҳи ва нурлари сингган.
Муродим Умрзоқов.