Йил сарҳисоби: Самарқандда спорт соҳасида қандай ишлар амалга оширилди?
Вилоятда 24 та олимпия, 4 та миллий, 35 та ноолимпия спорт федерацияси, 1 та миллий паралимпия қўмитаси вилоят бўлими, 2 та жисмоний тарбия ва спорт жамияти, 1 та спорт кенгаши ҳамда 27 та спорт-таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, аҳолининг спортга қамровини ошириш, терма жамоаларга спортчилар етказиб бериш, спорт иншоотларининг моддий-техник базасини яхшилаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workout” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ,“Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳудуларда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб берилган.
Шу асосда Самарқандда 2022 йилда 22 фоиз, 2023 йилда 26 фоиз, жорий йилда эса 28,2 фоиз аҳоли оммавий спортга қамраб олинди.
Хусусан, 2024 йил давомида вилоятимизда 5700 га яқин оммавий спорт тадбирлари ўтказилиб, 1 миллион 184 минг нафардан зиёд аҳоли жалб қилинди. Шунингдек, ўнга яқин халқаро спорт тадбирлари ўтказилди, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида жорий йилги мавсумда 10-30 ёш тоифасидаги 680 минг нафардан ортиқ ёшлар оммавий спорт мусобақаларига қамраб олинди. Ушбу кўрсаткичларни 2025 йилда янада ошириб, аҳолининг оммавий спортга қамровини 30 фоизга етказиш режалаштирилган.
262 минг нафардан зиёд аҳолидан аҳолидан спорт синовлари олинди
Вилоятимизда жорий йилнинг март-апрель ойларида 7 ёшдан 17 ёшгача, апрель-май ойларида 18 ёшдан 29 ёшгача, август-сентябрь ойларида 30 ёшдан 49 ёшгача, октябрь-ноябрь ойларида 50 ва ундан катта ёшдаги шахслардан ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлардан мураккаблик даражасини ҳисобга олган ҳолда ихтиёрий ва махсус талаблар асосида спорт синовлари олинди.
Спорт синовларини топширган фуқароларнинг таҳлилий маълумотларини ягона электрон базада юритиш амалиётини жорий этиш мақсадида my.sport.uz платформасида “Sport sinovlari” ахборот тизими ишга туширилган бўлиб, узоқ ва қисқа масофага югуриш, юриш, баскетбол саватчасига тўп киритиш, узун ва қисқа масофага сакраш, граната улоқтириш каби спорт машғулотларини бажарган иштирокчилар баҳолаб борилмоқда.
Йил давомида 262 минг нафардан зиёд аҳолидан спорт синовлари қабул қилинди.
Спорт синовларининг ихтиёрий талаблари маҳаллалардаги спорт иншоотларида ўтказилди. Махсус талаблари туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида қабул қилинди. Спорт синовларининг махсус талабларини бажарган 376 нафар иштирокчи «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, улар бир йил мобайнида кўплаб имтиёзлардан ҳам фойдаланади.
Янги спорт иншоотлари ва майдончалари барпо этилди
Жорий йилда маҳаллий, инвестиция дастурлари ҳамда “Ташаббусли бюджет” маблағлари асосида вилоятдаги 8 та спорт-таълим муассасасидаги спорт иншоотларини мукаммал таъмирлаш, янгидан барпо этиш белгиланган эди. Ҳозирга қадар инвестиция дастури асосида Иштихон туманидаги Қорақўйли маҳалласида спорт мактабининг замонавий спорт зали қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Айни пайтда вилоят футбол академиясида спорт зал, Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида 250 ўринли ётоқхона, ошхона ва янги спорт зали, Нарпай тумани спорт мактаби ҳудудида бадиий гимнастика зали, Қўшработ тумани спорт мактабида якка кураш спорт турлари билан шуғулланиш учун “Ташаббусли бюджет” маблағлари асосида енгил конструкцияли спорт залининг қурилиш ишлари якунланмоқда.
Самарқанд шаҳар 2-сон спорт муассасасининг спорт зали ҳамда стадионини реконструция қилиш учун маҳаллий бюджетдан 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Замонавий моддий-техник ва ўқув-машқ базасига эга бўлган ҳудудий гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказининг қурилиш ишлари эса давом этмоқда.
2022-2024 йилларда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган спорт мусобақаларининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган ёшларнинг маҳалласига вазирлик томонидан 115 та спорт майдончаси қуриб берилган. Аммо аҳолидан тушаётган мурожаатлар асосида ишчи гуруҳи спорт майдончаларининг қурилиш ҳолати, сақлаш, ундан фойдаланишни ўрганганда майдончаларнинг 13 тасида ёритиш чироқлари, 8 тасида резина қопламалар, 9 тасида юриш йўлаклари таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани аниқланди. Қурилишидаги камчиликлар юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилиб, камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Терма жамоанинг 10 фоизини самарқандлик спортчилар ташкил қилади
Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибига вилоятимиздан 1421 нафар (асосий таркибга 949 нафар, захира таркибга 472 нафар) спортчи киритилган. Бу миллий терма жамоанинг қарийб 10 фоизини ташкил қилади. Жорий йилнинг ўтган даврида спортчиларимиз Ўзбекистон чемпионати ва кубогида 307 та олтин, 394 та кумуш, 449 та бронза медални қўлга киритган бўлса, жаҳон, Осиё ва халқаро спорт мусобақаларида 72 та олтин, 70 та кумуш, 88 та бронза медаль қўлга киритилди.
Шу билан бирга, Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII ёзги Паралимпия ўйинларида 10 та спорт тури бўйича 17 нафар спортчимиз иштирок этиб, 2 та олтин, 1 та кумуш медални қўлга киритди. Пастдарғомлик спортчимиз Диёра Келдиёрова дзюдо бўйича аёллар ўртасида олимпия ўйинлари чемпиони бўлаган илк ўзбек аёл спортчисига айланди. “Беш ташаббус олимпиадаси” доирвсида жорий мавсумда вилоятимиз ёшлари 9 та олтин, 6 та кумуш ва 12 та бронза жами бўлиб 27 та медалларни қўлга киритди.
Бироқ айрим спорт федерациялари ва спорт муассасаларида спорт турлари бўйича натижалар қониқарли эмас. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида волейбол ва сузиш спорт туридан 3 нафардан, бадминтон спорт туридан 1 нафар спортчи терма жамоага қабул қилинган, холос. Оқдарёдаги спорт мактабидан 1 нафар, Тойлоқдан 3 нафар, Булунғурдан 5 нафар спортчи етказиб берилган бўлса, Каттақўрғондаги спорт мактабларидан терма жамоанинг асосий таркибига спортчи қабул қилинмаган. Шунингдек, регби, сувга сакраш, сув полоси федерациялари эришаётган натижалар қониқарсиз, пенчак силат, кикбоксинг, шотакан каратэ, ўзбек жанг санъати федерациялари Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибига спортчи етказиб бермаяпти.
Албатта, спорт федерациялари ва спорт мактабларидаги мавжуд муаммоларнинг асосий сабаби - шуғулланиш учун спорт комплексларининг етишмаслиги, иншоотларнинг моддий-техник базасидаги камчиликлар. Тизимдаги ушбу муаммоларни келгуси йилларда манзилли дастур асосида босқичма-босқич ҳал этиш кўзда тутилган. Шунингдек, 2025 йилда ёшлар ўртасида ёзги Осиё ва параосиё ўйинларига 24 та спорт тури бўйича 102 нафар номзод спортчиларнинг муносиб тайёргарлик кўриш учун шароит яратиш, 2026 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига вилоят спортчиларини тайёрлаш, “Лос-Анжелес-2028” олимпиадасига лицензиялар сонини ошириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, қаровсиз ҳолатга келиб қолган Булунғур туманидаги “Диёр”, Қўшработдаги “Меҳнат”, Оқдарёдаги “Лойиш”, Каттақўрғон туманидаги “Каттақўрғон” ва “Полвонтепа” ўйингоҳларини таъмирлаш режалаштирилган.
Шуҳрат РЎЗИЕВ,
Самарқанд вилояти спорт бошқармаси бошлиғи.