Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёғингарчиликнинг экинларга таъсири қандай?

Бу йил баҳорги ёғингарчилик анча кўп бўлди. Табиий офатлар, кутилмаган тошқинлар ҳам кузатилди. Хўш, серёғин баҳорнинг кутилган ва кутилмаган ташвишлари қандай бўлди? Бу борада соҳа масъулларининг фикрлари билан қизиқдик.

Сув захирамиз 26,5 миллион кубга кўпайди

Фарҳод Ражабов, Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи:

- Ҳар йили айни март-май ойларида вилоятимизнинг асосий сув таъминоти бўлган Зарафшон дарёсининг сув сарфи камайиши кузатилади. Деҳқончилик учун энг муҳим даврда сувнинг ҳар бир томчиси зарга тенг бўлади. Жорий йил баҳор ойларида ёғингарчилик кўп кузатилди, натижада экин майдонларида сувга бўлган талаб бирмунча камайди. Ёғингарчилик натижасида ҳосил бўлган сел сувлари вилоятдаги сув хўжалиги объектларига талофат етказмади, сел сувлари сув омборларига йўналтирилди.

Вилоятимизда жами 9 та сув омбори бор, шундан 7 та сув омбори булоқлар ва ёмғир сувларидан ҳосил бўлувчи сув омборлари ҳисобланади. Ёғингарчилик кўп кузатилиши натижасида вилоятдаги кичик сел сув омборларига 1 май ҳолатида 65,7 миллион метр куб ҳажмда сув захира қилинди. Бу 2021 йилга нисбатан 26,5 миллион метр кубга кўп.

Шунингдек, Зарафшон дарёси суви ҳисобига “Каттақўрғон” ва “Оқдарё” сув омборларида захира яратилмоқда. Бироқ сув омборларида тўпланган захира сувлари, дарёдан келаётган сув сарфи ўртача кўп йиллик сув сарфига нисбатан кам, десак муболаға бўлмайди. Кейинги йилларда республикамизда сув танқислиги кузатилмоқда. Бундай вазиятда сувнинг ҳар бир томчисидан унумли фойдаланиш лозим.

Жорий йилнинг 10 март куни Вазирлар Маҳкамасининг “2022 йилда кутилаётган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан ишончли таъминлашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан сув олиш лимитлари, насос станциялари учун электр энергияси миқдорлари, шунингдек, сув танқислигини юмшатиш бўйича амалга ошириладиган ирригация тизимлари ва улардаги гидротехник иншоотларни, насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини таъмирлаш-тиклаш ва қуриш ишларининг режаси белгилаб берилди.

Сув танқислигини юмшатиш, сувдан оқилона фойдаланиш бўйича энг тўғри йўл ва бугунги кун талаби бу – қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобланади.

2022 йилга қадар вилоятимизда жами 77 минг 950 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Шундан 49 минг 875 гектар майдонда томчилатиб, 1131 гектарда ёмғирлатиб ва 26 минг 944 гектарда бошқа турдаги технологиялар ишга туширилган.

Жорий йилда 21 минг 328 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш режалаштирилган ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. Мисол учун, Жомбой туманида 950 гектар томчилатиб, 203 гектар ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий қилиш режалаштирилган. Бугунги кунда 530 гектар майдонда томчилатиб суғориш ускуналарини ўрнатиш бўйича ишлар бажарилмоқда, 

53 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш ускуналари ўрнатилмоқда.

Ёғингарчиликка қарши чоралар кўрилган

Бахтигул Ғаниева, вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ахборот хизмати раҳбари:

- Бу йил январь-февраль ойлари нисбатан илиқ келиб, март-апрель ойларида кутилгандан ортиқ ёғингарчилик кузатилди. Бундай ҳолат ўсимликларга ҳам таъсир ўтказмай қолмайди. Шу боис, бошқармамиз мутахассислари томонидан занг ва бошқа касалликларнинг олдини олиш мақсадида профилактик кимёвий кураш чоралари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ғалла майдонларида гектарига 200 килограмдан азотли минерал ўғитлар билан баҳорги биринчи озиқлантириш ишлари ўтказилмоқда. Ғалла майдонларида ўсишни бошқарувчи биостимулятор билан барг орқали (суспензия) озиқлантириш ишлари амалга оширилмоқда.

Бу йил вилоятда  94 минг 230 гектар ғалла майдонининг 66 минг 900 гектарида занг касаллиги тарқалиши башорат  қилинган.

Касалликка қарши агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли ўтказиш, ўсимликнинг касалликларга чидамлилигини ошириш мақсадида найчалаш фазаси давригача гектарига фосфорли ўғитлардан 3 килограмм, калийли ўғитлардан 7,5 килограмм солиниб, ишчи эритма тайёрлаб қўллаш тавсия этилди.

Ёғингарчиликлар қишлоқ хўжалигига қандай таъсир кўрсатади?

Тоҳир Дувланов, вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи:

- Ўзгидрометеорология маълумотига кўра, март, апрель, май ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8-2 баробар ортиқ ёғингарчилик кузатилмоқда.

Ёғингарчилик кўп бўлса, экинларга салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Жумладан, фунгицидлар билан кимёвий ишлов ўтказилмаган ғаллазорларда замбуруғли касалликлар (сариқ ва қўнғир занг, ун шудринг, септориоз, илдиз чириш) кенг тарқалиши кузатилган.

Вилоятимизда бугунги кунда ғаллачиликдаги зарарнинг олдини олиш мақсадида занг ва бошқа касалликларга, бегона ўт ҳамда зараркунанда ҳашаротларга қарши кимёвий курашиш ишлари, ғалла майдонларида тўлиқ профилактик ишловлар амалга оширилмоқда.

Чигит экилган майдонларда вақти-вақти билан майда чопиқ ва культивация ишлари амалга ошириб турилса, ғўза майдонларида нам сақланиб, бир марта суғоришга сарфланадиган сув иқтисод қилинади.

Ёғингарчиликнинг кўп бўлиши мевали боғ ва дарахтлар ҳамда токзорларга айниқса, гуллаш фазасига кирган ўрик, шафтоли, бодом боғлари ҳосилдорлигига зарар етказмайди. Фақат чангланиш муддатини секинлаштиради. Лалми ерларда парваришланаётган боғларнинг ер ости сувлари захираси таъминланади.

Шунингдек, ўсимлик барглари кенгайиши ҳисобига фотосинтез жараёни яхшиланади. Бу эса органик моддалар ҳосил бўлишига ва мевали дарахтлар ва узумзорларда ҳосилдорлик юқори бўлишига олиб келади.

***

Маълумот учун: жорий йилда вилоят деҳқонлари 80383 гектар ерда техник экинлар, 94230 гектарда бошоқли дон, 2085 гектарда дуккакли ва 11123 гектарда мойли экинлар парваришламоқда.   

Ўктам Худойбердиев тайёрлади.