Йўлдаги суҳбат ёки "Эрман" дейишга ким ҳақли?

Тошкентга бораётганимда таксида менга бир нуроний йўлдош бўлди. Гап гапга уланиб, суҳбатимиз тўйларга келиб тақалди.

- Ўттиз кишилик тўй қилинг, дейилгани жуда маъқул бўлди, - дея сўз бошлади отахон қошини чимириб. Ортиқча дабдаба ва чиқимларга, исрофгарчиликларга чек қўйилди.

- Тўғри, биз ҳам шу фикрдамиз, – бобони суҳбатга яна тортиш учун қўзғаб қўйдим.

- Бир воқеани айтай, болам. Карантин юмшатилгач, июль ойининг бошида набирамга суннат тўй қилдим. Маҳаллаком ва оқсоқолларнинг айтганича ҳовли ўртасидаги бедапояга гилам солдириб кўрпачалар тўшаттирдим. Тўйга 25-30 кишини чорладик. Қишлоғимиздан чиққан Рустам ҳофиз даврани роса қизитди.

- Раққоса ҳам келдими?

- Қаёқда. Хурсандчилигимдан ўзим ўйинга тушиб кетибман. Кампиримдан роса дашном эшитдим «ёшларга кулги бўлдингиз» деб.

Отахон бир табассум қилиб олди. Йўл узоқ бўлганлиги боис уни яна гапга солдим.

- Тўёналар нима бўлди, тўйга келолмай қолганлар гина қилишган бўлса керак.

- Унисини билмадим. Аммо «Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ» деган. Элдан чиқиш яхши эмас. Хўш, бизни катта-катта тўй қиласан, деб ким мажбур қиляпти? Бунга ўзимиз айбдор эканмиз кейин билсам.

Мана, тўйимиз ихчам, тартибли ўтди. Айтарли чиқим ҳам бўлмади. Топган пул, топмаган бир боғ пиёз дегандай, тўйболага атаганини беришди: бири костюм-шим, бири эса дарс тайёрлайдиган стол-стул олиб келишибди. Бундан бола ниҳоятда хурсанд бўлди.

- Набирангизнинг ота-онасини орзуси ушалдими, ҳайтовур?

- Бунисини айтмабман ҳали. Ўғлим билан келиним тўйга атаб роса йиғинган экан. Тўйга айтарли пул кетмабди. Яна денг, қолганига қўшиб-чатиб машина оладиган бўлибди.

- Илгарилари тўйларимиз ҳам бугунгидек ўтармиди? – ўсмоқчилайман.

- Энди, болам, ҳамма вақт ҳам замонга қараб иш тутиш керак-да. Ҳар хил дабдаба, ортиқча ирим-сиримлар яқинда пайдо бўлди. Илгари тўйларимиз тартибли ўтарди. Шоҳона дастурхонлар қаёқда дейсиз? Ҳар қандай тўйда ҳам дастурхонга парварда-нон тортилиб, ош сузиларди, холос. Никоҳ тўйлари ниҳоятда ихчам бўларди. «ЗАГС», «вечер» деган гап йўқ эди. Никоҳ ўқилгач, келин-куёв «ЗАГС»идорасига боришиб ҳеч қандай дабдабасиз рўйхатдан ўтиб келарди. Набира туғилгач, тўрт-бешта киши бешик кўтариб борарди, холос. Ҳеч ким хафа бўлмасди. Суннат тўйларимиз ҳам шундай ихчам ўтарди.

- Нимасини айтасиз, ота? Энди одамларимиз секин-аста тушуна бошлаяпти. Юртимизда тўй-ҳашамлар, бошқа тадбирлар ихчам, камчиқим ўтказилмоқда. Элимиз нима зарару, нима фойда эканлигини англаб етмоқда. Бунда сизга ўхшаган нуроний отахону, муҳтарама онахонларимиз ёшларимизга маслаҳатгўй, ибрат кўрсатсалар ҳаётимиз, тўйларимиз янада гўзал бўлади.

- Ақл-ҳуши жойида, соғлом, куч-қувватга тўла одамлар, айниқса, ёшларимиз, иншоаллоҳ бундай тартибсизликларга йўл қўймайди. Ана шунда эрман деган сўзни гапиришга ҳақли бўлади. Орли, номусли халқмиз ахир, болам, бундай шаҳдли инсонларни доимо дуо қилганимиз бўлсин.

Азим ҚОДИРОВ.