Ёлғон ярмаркадан кимга наф?
Ҳар йили байрамлар арафасида вилоятдаги, хусусан, Самарқанд шаҳридаги бозорларда арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилади.
Бу аҳолига байрам кайфияти улашиш, нарх барқарорлигини таъминлаш, шаҳар аҳолиси қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларини арзон нархда харид қилиши учун имконият яратади.

Жорий йилнинг 9 декабрь куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган ҳокимлик соатида 2025 йил 15 декабрдан 2026 йил 15 январгача шаҳар ва туманларнинг марказларида ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари савдо қилувчи ярмаркалар ўтказилиши белгиланган. Унга кўра, ҳар бир бозорда ташкил этиладиган арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркасида 33 турдаги маҳсулотлар бўлиши белгиланган. Аммо бугун Самарқанд шаҳридаги “Сиёб деҳқон борзори”га борганимизда арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларига кўзимиз тушмади.
- Бизга Ургут, Жомбой, Булунғур ва Самарқанд туманларидан фермерлар маҳсулот келтириши белгиланган, аммо шу кунгача улар келмади, - дейди бозор ходими А.Ҳасанов. – Бириктирилган туманлардан фермерлар келмаганлиги ҳақида огоҳлантириш хати ҳам чиқардик. Бозор маъмурияти фермерлар учун 24 та жой ажратган, агар етмаса яна жойлар ажратишга ҳам тайёрмиз. Ҳозирда бозорда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ташкил қилинган ярмарка ишлаб турибди ва бу ерда Покистон, Беларусь давлатларидан келтирилган музлатилган қорамол гўштининг килограми 75-78 минг сўмдан сотилмоқда. Шунингдек, ёғ, шакар, гуруч, ун ва бошқа маҳсулотлар ҳам бор.

Айтилаётган “ярмарка”даги айрим маҳсулотларнинг нархлари бозордаги ёки дўконлардаги нархдан деярли фарқ қилмайди. Шундай экан бу ярмаркалар, хўжакўрсин ҳисоботлар ким учун, қачонгача фермерни мажбурлаб, одамлар учун ёлғон ярмаркалар ташкил этамиз?
Вилоятдаги бошқа бозорларда ташкил этилган ярмаркалар ҳақида маълумот олиш учун вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмасига қилган мурожаатимиз эса ҳамон жавобсиз.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ (сурат).